Тошкентда ҳар йили Uzbekistan Ethno Games фестивали ўтказилади

Minsport.uz сайти фотосурати

2023 йилдан бошлаб Uzbekistan Ethno Games ( «Ўзбекистон этно ўйинлари») республика фестивали ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказилади. Хивада ҳар икки йилда бир марта «Ичан қалъа» мажмуасида очилиш ва ёпилиш маросимларини ташкил этган ҳолда Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Бу Президентнинг «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжат билан 2025 йилгача Этноспортни оммалаштириш ва ривожлантириш дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 мартдан миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларини ўтказиш тизимини жорий этиш бошланади. Уларнинг рўйхати бир ой муддатда ҳукумат ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш миллий кенгаши томонидан тасдиқланиши керак.

Ўзбекистон Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Этноспорт ассоциациясига қуйидаги вазифалар топширилди:

👉 аҳолининг барча қатламлари вакилларини этноспортга кенг жалб этиш,

👉 маҳаллаларда халқ ўйинлари ва мусобақаларини ўтказиш,

👉 Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш,

👉 юқоридаги фестивалларнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш,

👉 миллий спорт турлари ва халқ ўйинларининг мазмун-моҳияти ҳақида тарғибот материаллари (қўлланмалар, буклетлар, баннерлар, флаерлар ва бошқалар) тайёрлаш;

👉 ижтимоий тармоқларда ёшларни этноспорт турларига кенг жалб этиш ва мусобақаларни оммалаштиришга қаратилган мотивацион видеороликларни тарқатиш.

Шунингдек, барча даражадаги таълим муассасаларида миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича мусобақалар ўтказилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Республика эстрада-цирк коллежида полвонлар ва дорбозлар тайёрлана бошлайди. Ҳар икки йилда бир марта «Полвон сулоласи» кўрик танлови бўлиб ўтади.

Президент, шунингдек қуйидаги топшириқларни берди:

➡️ миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари бўйича илмий лойиҳалар бўйича танлов эълон қилиш;

➡️ Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедиясини ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этиш;

➡️ 2023 йил 1 январга қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида от спорти анжомлари сотиладиган дўконлар очиш;

➡️ ЮНEСКО томонидан номоддий маданий мерос мақоми бериши мумкин бўлган этноспорт турлари рўйхатини тузиш ва тегишли аризаларни юбориш.

Эслатиб ўтамиз, туркий халқлар ўртасидаги кураш сплорт тури ЮНEСКО томонидан 2016 йили инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди. 2017 йилдан буён Ўзбекистонда 6 сентябрь «Кураш» миллий спорт тури куни сифатида нишонланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ