Жаҳон банки Ўзбекистон билан беш йил ичида қашшоқликни икки баробарга камайтириш борасида ҳамкорлик дастурини янгилади

ЖБ матбуот хизмати фотосурати

Жаҳон банки гуруҳи (ЖБГ) Ўзбекистон билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик асослари дастури (ҲАД) ни кўриб чиқди ва тасдиқлади. Бу ҳақда ЖБГ матбуот хизмати хабар берди.

Жаҳон банки беш йиллик муддатда Ўзбекистон ҳукуматига Миллий тараққиёт стратегиясида белгиланган стратегик ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашишига янги дастур билан ёндошади.

Ҳамкорлик асослари дастури мавжуд муаммолар ва Ўзбекистонни ривожлантиришнинг потенциал имкониятларини ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган.

«Таҳлил мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни комплекс диагностика қилиш доирасида амалга оширилди. Шунингдек, ҳукумат ва вилоят ҳокимияти вакиллари, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, илмий доиралар ва ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлар билан фаол маслаҳатлашувлар натижалари ҳам ҳисобга олинди», — дейилади Жаҳон банки хабарида.

ҲАД Ўзбекистоннинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришга қаратилган учта стратегик мақсадни белгилайди:

👉 хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш;

👉 инсон капиталини ривожлантириш;

👉 яшил иқтисодий ўсиш орқали фаровонлик ва барқарор ривожланишни ошириш.

ҲАД шунингдек, 2030 йилгача Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор мақсадларга эришиш имконини берадиган тармоқлараро вазифаларни амалга оширишга ҳам ҳисса қўшади. Уларга қуйидагилар киради:

👉 гендер тенгсизлигини бартараф этиш;

👉 фуқароларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнида фаолроқ иштирок этиши ва давлат органларининг жамоатчилик олдидаги масъулиятини кучайтириш.

Ўзбекистон ҳукумати янги Ҳамкорлик асослари дастури қабул қилинишини олқишлади.

«Бу 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий ривожланиш стратегиясини муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилади, шунингдек, 2026 йилга бориб мамлакатнинг қашшоқликни икки баравар қисқартириш ва 2030 йилга бориб ўртача даромади юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилиши бўйича мақсадларга эришишга ёрдам беради», деб тушунтирди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.

Ўзбекистон 1992-1993 йиллари Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлди. 2017 йилда мамлакат президенти ўзгарганида Жаҳон банки Ўзбекистонга молиявий ва таҳлилий ёрдамни сезиларли даражада оширди.

«Бугунги кунда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури Европа ва Марказий Осиё минтақасида Туркиядан кейинги энг йирик операция ҳисобланади. 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, у умумий қиймати қарийб 5,25 миллиард доллар бўлган 27 та лойиҳадан иборат бўлган», — деди Жаҳон банки.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ