Ўзбекистонда 1 июндан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 12 фоизга оширилади

DUNYO.NEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб иш ҳақи ва базавий ҳисоблаш миқдори оширилди. Президент Шавкат Мирзиёев 20 май куни бу ҳақдаги қарорни имзолади.

✅ 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.

✅ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 920 000 сўмни ташкил этади.

✅ базавий ҳисоблаш миқдори — ойига 300 000 сўм этиб белгиланди.

Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаш белгиланган.

1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилди. Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 324 000 сўмни (29 АҚШ доллари), кексалик нафақасининг миқдори 633 000 сўмни (57 доллар) ташкил этди.

1 июндан уруш қатнашчилари ва ногиронлари, ёлғиз кексаларга озиқ-овқат ва гигиена воситалари харид қилишлари учун ойлик 270 минг сўмдан (24 доллар) нафақа тўланади. Бундан ташқари, уларга ҳар йили кийим-кечак сотиб олиш учун компенсация сифатида 4 миллион сўм (357 доллар) берилади.

Аввалроқ алоҳида фармонда тиббиёт ходимларининг маошларини ошириш белгиланган эди. Олий ва биринчи малака тоифасига эга бўлган шифокорлар ва фармацевтларнинг иш ҳақи 15 фоизга, қолган ҳамкасблар ойлиги 10 фоизга оширилади. Тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларига иш ҳақи 15 фоизга оширилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ