Ўзбекистонда электр ва газ учун «ижтимоий нормалар» жорий этилади ва ундан ортиқ истеъмол қилинган ҳажм бозор нархларида сотилади. Тегишли қонун яқин кунларда жамоатчиликка эълон қилинади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.
Қонун лойиҳаси учта вазирлик – Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни қисқартириш, Молия ва Энергетика вазирлиги томонидан тайёрланган. Улар бозор механизмлари асосида шакллантирилмаган аҳоли учун амалдаги тарифлар энергетика соҳасини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани, истеъмолчилар талабини қондириш имконини бермаётганини таъкидлайдилар.
Талаблар эса доимий равишда ўсиб бормоқда. Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 61 млрд кВт.соатдан 72 млрд кВт.соатга ёки 1,2 баробарга ошган. Бунда аҳоли истеъмоли учун етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт.соатдан 16 млрд кВт.соатгача ёки 1,5 баробарга ўсган. Шунга қарамасдан, етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобига 2021 йилда республика бўйича электр энергиясига қондирилмаган талаб ҳисоб-китобларга кўра 2-3 млрд кВт.соатни ташкил этади.
2019 йилда табиий газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, жорий йилда 3,3 млрд куб метр ташкил этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу даврда табиий газнинг импорт ҳажми 0,2 млрд куб метрдан 4 млрд куб метргача ошди. Яъни, республика истеъмолчиларининг йилдан-йилга ошиб бораётган талаби бозорга эркин нархларда сотиб олинадиган табиий газ ҳажми оширилиши ҳисобига қопланмоқда.
Вазирликка қўра, қуйидаги омиллар ҳисобига энерго ресурслари бозори ва энерго таъминот тизимини ислоҳ қилишнинг зарурияти юзага келмоқда:
👉 Иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст (25-35%) ва замонавий буғ-газ ускуналарига (фойдали иш коэфициенти – 55-60%) қараганда 2 баравар кўп ёқилғи сарфлайди.
👉 Мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди. Шунингдек, электр таъминотидаги кўп сонли узилишларга ва электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келувчи тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскирганлиги сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда айрим ҳудудларда трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган 80 фоизли техник меъёрдан юқори. Хусусан, Тошкент вилоятида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси 95 фоиз, Андижон вилоятида 92 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз, Наманган вилоятида 84 фоизни ташкил этади.
👉 Нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келмоқда. Хусусан, 2021 йилни Ўзтрансгаз – 2,5 трлн сўм, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари – 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган. Таъкидлаш жоиз, ушбу давлат корхоналарининг зарарлари ва уларнинг молиявий мажбуриятлари пировардида давлат бюджети харажатларининг бевосита ва билвосита ошишига олиб келади.
👉 Аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим.
Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.
Юқорида келтириб ўтилган энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур.
Ваҳоланки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди. Шундан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади.
Унда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистонда бугун электр энергиясининг 1 кВт.соатининг таннархини 800 сўм деб олсак, бир ойда ўртача 200 кВт.соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт.соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда.
«Бошқача қилиб айтганда, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда», — деб тушунтиради Энергетика вазирлиги.
Республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи ёки 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Шунингдек, электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт.соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт.с) тўғри келади.
«Аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим», — дейди вазирлик.
Ислоҳотларнинг ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилади. Хусусан, бутун мамлакат бўйлаб «ижтимоий норма» тизими жорий этилади.
Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.
Ижтимоий норма қачон жорий этилиши ҳозирча номаълум.
Вадирлик «энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратиши»га урғу берди.