5 май куни чегарада ҳалок бўлган қирғизлар контрабандачилар бўлиб, ўзбек ҳарбийларига қаршилик кўрсатган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Xavfsizlik Телеграм-каналида эълон қилинган расмий баёнотда айтилади.
Ўзбекистон чегарачиларига кўра, 5 май куни номаълум шахслар Ўзбекистондан Қирғизистонга катта миқдорда юк олиб ўтмоқчи бўлган. Ўзбекистон томони уларни қўлга олиш чораларини кўради, бироқ қаршиликка дуч келади.
«Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистонлик ҳарбийлар «қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурол ишлатиш»га мажбур бўлган. Оқибатда уч киши яраланган, қолган гуруҳ аъзолари Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.
Аввалроқ Қирғизистон Чегара хизмати 48, 24 ва 22 ёшли уч нафар эркак ўқдан жароҳат олгани ҳақида хабар берганди. Улар Ола-Буқа туманидаги касалхонага етказилган, бироқ ҳушларига келмай вафот этган. «Озодлик» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) хабарига кўра, ҳалок бўлганлар бир оила аъзолари – ота ва ўғиллар бўлган.
Икки давлат чегарачиларининг 5 ва 6 май кунлари бўлиб ўтган учрашувига мазкур воқеа сабаб бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 223-моддаси («Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда
Айни пайтда чегарада вазият барқарор, деди чегарачилар.
Бир ой аввал, 5 апрель куни Жалолобод вилоятининг Ақси туманида ўзбек чегарачилари отда контрабанда юкларини Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган икки Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдирган эди. Ўшанда ҳалок бўлганлар 2012 йили Қирғизистон фуқаролигини олган ўзбекистонликлар эканини ёзишганди. Улар Ўзбекистон паспортини сақлаб, ўзи билан бирга олиб юришган.