Ўзбек чегарачилари уч нафар қирғизистонликка қарши қурол қўллаган

Reporter.kg сайти фотосурати

Қирғизистоннинг уч нафар фуқароси ўзбек-қирғиз чегарасида ҳалок бўлган. Ўзбекистон чегарачилари қирғизистонликларга қарши қурол қўллаган воқеа 5 май куни Жалолобод вилоятининг Ола-Буқа туманининг Добо-Қўрғон ҳудудида содир бўлди, деб хабар беради АКИпресс агентлиги Қирғизстон Республикаси Давлат чегара хизматига таяниб.

Ўзбек чегарачилари нима учун қўшни давлат фуқароларига қарата ўқ узгани сабаблари айтилмаган. Ўқдан жароҳат олган 48, 24 ва 22 ёшли қирғизистонликлар Ола-Буқа туманидаги шифохонага етказилган ва у ерда улар ўзига келмай вафот этган.

«Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Қирғизистоннинг Ола-Буқа йўналишидаги чегара вакили Ўзбекистоннинг Янгиқўрғон йўналишидаги чегара вакили билан учрашув ўтказди. Томонлар ички текширувлар натижаларига кўра учрашувни 6 май куни давом эттиришга келишиб олдилар», — дея хабар беради Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.

Ҳозирча Ўзбекистон давлат идоралари ҳодиса бўйича расмий маълумот бермади.

Бир ой аввал, 5 апрель куни Жалолобод вилоятининг Ақси туманида ўзбек чегарачилари отда контрабанда юкларини Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган икки Қирғизистон фуқаросини отиб ўлдирган эди. Ўшанда ҳалок бўлганлар 2012 йили Қирғизистон фуқаролигини олган ўзбекистонликлар эканини ёзишганди. Улар Ўзбекистон паспортини сақлаб, ўзи билан бирга олиб юришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ