2023 йил 1 январдан божхоначилар ўз даромадлари ва мол-мулкини декларациялашни бошлайди. Бу ҳақда 5 май куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат божхона қўмитаси вакили Ҳусан Тангриев маълум қилди.
У 2022 йил охиригача кутилаётган божхона соҳасидаги бошқа янгиликларга қисқача тўхталиб ўтди:
👉 1 июнга қадар кадрларни танлаш очиқлик ва шаффофлик, шунингдек, реал вақт режимида интернет тармоғи орқали танлов жараёнлари натижаларини эълон қилиш тамойиллари асосида йўлга қўйилади;
👉 1 сентябрга қадар мувофиқликни назорат қилиш тизими тўлиқ ишлаётган ва халқаро стандартларга мос бўлиши керак;
👉 1 октябрга қадар юк божхона декларацияларини «Масофадан электрон декларациялаш» тартиби жорий этилади;
👉 1 декабрдан божхона текшируви жараёнларини қамраб олувчи мобил электрон тизим ишга туширилади.
2023 йил охирига қадар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда масофавий божхона назорати тизими жорий этилади. Аввалроқ, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб божхона постларида юк декларацияси расмийлаштирилмаслиги, бу тадбиркор билан шахсий мулоқотсиз масофадан туриб амалга оширилиши хабар қилинган эди.
Ўзбекистонда божхона маъмурияти ва тартибларини ислоҳ қилиш 2019 йилда бошланган эди. Божхона постларида соддалаштирилган назорат йўлаклари ташкил этилган. Илгари 12 та бошқарма томонидан берилган 60 турдаги рухсатномалар эндиликда «ягона дарча» орқали электрон шаклда тақдим этилмоқда. Натижада божхона расмийлаштирув ишлари муддати ўн баробарга қисқарди.
2024 йилга бориб Ўзбекистонда божхона хизматлари соҳасини тўлиқ рақамлаштирилиши лозим. Хусусан, юкларнинг 80 фоизи ўтадиган республиканинг 22 та асосий божхона постлари видеокузатув тизимлари, транспорт тарозилари, 3Д-сканерлар ва рентген аппаратлари билан жиҳозланади. Ушбу мақсадлар учун 370 миллиард сўм (34 миллион доллар) йўналтирилади.