Навоий вилоятида ўқитувчилар қизиқчи концертига чипта сотиб олишга мажбур бўлишган

Eurasia.expert сайти фотосурати

Кармана туманидаги умумтаълим мактабларида қизиқчи Зокир Очилдиевнинг концертига мажбурий чипта сотилган. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар беради.

Концерт 5 май куни Кармана тумани марказидаги стадионда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Чипта нархи 20 минг сўм (1,8 доллар) бўлган.

Чипталар мактаблар ўртасида ўқитувчилар ва ўқувчилар сонига қараб тақсимланган. Kun.uz хабарига кўра, аксарият таълим муассасаларида ўқитувчилар концертга бориш-бормаслигидан қатъи назар, уларни сотиб олишга мажбур бўлишган.

«Бизнинг мактабда метод бирлашмаларга берибди. Биз олмаймиз десак ҳам мажбурлашди. Кейин бормасак ҳам мактабимизга «ажратилган» чипта пулини тўплаш учун 2000-3000 сўмдан бердик», — дейди тумандаги 11-мактаб ўқитувчиси.

Kun.uz ҳолат юзасидан Навоий вилояти ХТБ бошлиғи Марат Шамуратов билан боғланган. У мактабларда концерт учун мажбуран чипталар тарқатилаётганидан бехабар эканини айтган.

«Менинг хабарим йўқ эди. Топшириқни Кармана тумани ҳокимининг ўринбосари берибди. Ҳозиргина туман ХТБ мудири билан гаплашдим. Мактабларга мажбурий тарқатилган чипталар қайтариб олинади», — деган Марат Шамуратов.

Бу Карманада ўқитувчилардан мажбурий пул йиғишдаги илк ҳолат эмас. Олдинроқ туманда ХТБ масъуллари чет тили ўқитувчиларига бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлишган. Халқ таълими вазирлигининг ўрганишидан сўнг туман ХТБ мудири, методист ва бош ҳисобчи ишдан олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ