Ўзбекистонда июль ойи «Ёшлар туризми ойлиги» деб эълон қилинди

Uzdaily.com сайти фотосурати

2022 йилдан бошлаб июль ойи Ўзбекистонда «Ёшлар туризми ойлиги» деб эълон қилинади. 2023 йилдан январь ойининг биринчи ўн кунлиги ва март ойининг учинчи ўн кунлигида «Ёшлар туризми ҳафталиги» ўтказилади. Бу президентнинг 3 майда имзоланган қарорида кўзда тутилган.

«Ёшлар туризми ойлиги» доирасида «Ёшлар туризми» қурултойи ташкил этилади. Бунда республиканинг ҳар бир ҳудудидан 50 нафар иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлган ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб қилинади.

«Ёшлар туризми ойлиги» доирасида қуйидагилар режалаштирилган:

👉 китоб мутолааси кунлари, миллий ва этник спорт турлари бўйича спорт мусобақалари ҳамда маданий-кўнгилочар тадбирларни ташкил этиш;

👉 юқори натижаларга эришган ва ёшларга ўрнак бўлаётган спортчи ва мураббийлар ҳамда санъат ва маданият, фан ва бизнес вакиллари иштирокида маҳорат дарсларини ўтказиш;

👉 Ёшлар учун бизнес ташкил этиш, ҳунармандчилик қилиш мавзусида «давра суҳбатлари» ўтказиш;

👉 театр ва кино санъатининг таниқли намояндалари билан ёшларнинг ижодий учрашувларини ўтказиш;

👉 Ёшлар туризми қурултойи ўтказиладиган ҳудуд (вилоят, шаҳар) ҳудудида ёки унга яқин жойлашган туристик кўргазма объектларига саёҳатлар ташкил этиш.

Қурултойни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йили Ўзбекистон ҳукумати ноябрь ойини «Нуронийлар ойи» деб эълон қилган эди. 1 ноябрдан 30 ноябргача Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни хоҳловчи нуроний инсонлар турли имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин. Ҳудудлардаги туристик инфратузилма объектларида (туриш жойлари, озиқ-овқат шохобчаларида), шунингдек, вилоятлараро автобус, авиа, темир йўл чипталари бўйича кексалар учун чегирмалар ва акциялар тақдим этилади. Улар музейлар, моддий маданий мерос ва театрларга чипталарни чегирмали нархларда — ярим нархда сотиб олишлари мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ