Ўзбекистонда туризмнинг ҳар бир йўналиши учун масъуллар белгиланди

Ucrazy.ru сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурини амалга ошириш доирасида туризмнинг турли йўналишларини назорат қилувчи вазирлик ва идоралар рўйхатини тасдиқлади.

Дастур доирасида ички туризмни ривожлантириш учун қуйидагилар:

▶️ ёшлар, айниқса, таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун туризмнинг тарихий билим берувчи, маданий-кўнгилочар, экстремал, экологик, этно- ва пляж туризми турлари бўйича – Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги;

▶️ меҳнат, маҳаллалар жамоалари учун туризмнинг ишбилармонлик, экстремал, экологик, агро-, этно- гастрономик турлари бўйича – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

▶️ хотин-қизлар учун туризмнинг зиёрат, маърифий, ижтимоий, маданий-кўнгилочар, экологик, этнотуризм турлари бўйича – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги;

▶️ фахрийлар, нуронийлар ва пенсионерлар учун туризмнинг зиёрат, тиббиёт, соғломлаштириш туризми турлари бўйича – Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва «Нуроний» жамғармаси масъул этиб белгиланди.

Мазкур масъул ташкилотлар ўз йўналишлари бўйича ҳар йили иш берувчилар билан биргаликда ходимлар республика бўйлаб саёҳатга чиқиши учун саёҳат графикларини тасдиқлашни ҳамда саёҳатни амалга оширишни таъминлайди.

1 июндан бошлаб «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Иш берувчилар жамоа шартномаларига ходимларга йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш имкониятини яратиш қоидаларини киритадилар. Саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ички туризмни ривожлантиришни мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгиланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ