Ўзбекистон Афғонистон чегарасида бўлиб ўтган отишмага доир хабарларни рад этди

Афғон-тожик чегарасидаги қуриқлаш пости. Ozodi.org сайти фотосурати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Афғонистон билан чегарада гўёки отишма содир бўлшгани ва унда ўзбек армияси ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Айрим ижтимоий тармоқларда Афғонистон манбаларига таяниб, гўёки 2022 йил 4 майга ўтар кечаси Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида отишма содир бўлгани, унинг оқибатида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Шуни маълум қиламизки, тарқатилган хабарлар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чегарада вазият осойишталигича қолмоқда, жанубий сарҳадларни қўриқлаш одатдаги тартибда олиб борилаётир», — дейилади баёнотда.

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан ташкил этилган Афғонистон ҳукуматининг расмий вакили Забиуллоҳ Мужоҳид ҳам чегарадаги отишма ҳақидаги маълумотларни рад этди.

Ўзбекистон расмийлари Афғонистон билан чегарада ўз аскарининг ҳалок бўлгани ҳақида охирги марта ўтган йил 27 сентябрь куни хабар берган эди. Ўшанда бу ҳақда Наманган вилоятида бўлиб ўтган сайловолди йиғилишида Республика Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилганди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги 30 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри устидан учувчисиз аппаратининг парвозига доир хабарларни рад этган эди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ