Ўзбекистон ҳукумати саёҳат харажатларининг бир қисмини қайтариш шартларини маълум қилди

Visit Uzbekistan / Twitter фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати сайёҳлик кешбек («Cashback»)нинг асосий шарти – мамлакат бўйлаб саёҳат харажатларининг бир қисмини қайтариш шартларини маълум қилди. Саёҳат харажатларини қайтариш саёҳат қилиш давомида бир вақтнинг ўзида қуйидагилар назарда тутилганда амалга оширилади:

👉 авиа, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспортидан фойдаланиш;

👉 меҳмонхоналарда, лагерларда ёки бошқа турдаги турар жойларда қолиш;

👉 музейлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларига ташриф буюриш.

Кешбэкни банк картасига саёҳат охирида махсус электрон платформа (ёки унинг мобил иловаси) орқали олиш мумкин. Саёҳат харажатлари ҳар бир туристга қуйидаги миқдорда қайтарилади:

▶️ Самолётда саёҳат қилишда икки томонга чипта суммасининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;

▶️ Темир йўл ёки автобусда саёҳат қилишда икки томонга чипта суммасининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;

▶️ Турар жой биноларида тунаш нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда;

▶️ Театр, музей, цирк ва санъат галереяларига ҳар бир ташриф суммасининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаслиги керак.

Саёҳат харажатларини қайтариш ички саёҳатларни режалаштириш ва маблағларни қайтариш ҳамда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида тақдим қилинадиган чегирмалар, тайёр туристик пакетларни мустақил шакллантиришни назарда тутувчи электрон платформа, шу жумладан, унинг мобиль иловаси орқали амалга оширилади.

Платформа Давлат солиқ қўмитасининг махсус мобиль иловаси (SoliqUz) билан интеграция қилинган ҳолда, харажатлар ҳаққонийлиги мобиль илова ёрдамида текширилиб, харид чекининг матрицали штрих кодини (QR-код) ҳамда маҳаллий туристларнинг доимий яшаш жойларини кўрсатиш орқали саёҳатлар рўйхатдан ўтказилади.

Платформани 1 сентябргача ишга туширишга буйруқ берилди. Октябрь ойига келиб турар жой муассасалари ходимлари, туроператорлар, турагентлар, гидлар, инструкторлар ва гидлар ундан қандай фойдаланишни ўрганишлари керак.

Бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига туризмни кешбэк дастурини молиялаштириш учун жорий йилда 30 миллиард сўм (2,6 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ