IFC халқаро молия корпорацияси Ўзбекистон ҳукуматига шамол энергетикаси соҳасида давлат-хусусий шерикликни (ДХҲ) ташкил этишда маслаҳат беради. Бу хусусий секторнинг тажрибаси ва капиталини мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида қуввати 500 МВт гача бўлган шамол электр станцияларини (ШЭС) қуриш ва ишлатиш учун сафарбар қилишга ёрдам беради. Бу ҳақда IFC матбуот хизмати хабар берди.
«IFC мамлакатнинг тоза энергияга ўтиши ва электр энергиясига ўсиб бораётган талабни қондириш учун шамол станцияларини ривожлантиришда Ўзбекистон Республикаси ҳукуматини қўллаб-қувватлаш бўйича келишув имзолади», — дейилади хабарда.
Янги лойиҳа Ўзбекистонга 2026 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларидан 25 фоиз электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадини амалга оширишга ёрдам беради. Бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан IFC билан ҳамкорликда энергетика соҳасида ўтказилаётган бир қанча рақобатбардош тендерлардан биридир.
Жумладан, аввалроқ IFC Навоий вилоятидаги 100 МВт қувватга эга хусусий қуёш электр станциясини тендер ўтказиш ва молиялаштиришда ёрдам берган бўлиб, у 30 000 дан ортиқ уй-жойни таъминлаш учун етарли электр энергияси ишлаб чиқарадиган мамлакатдаги биринчи коммунал миқёсдаги қайта тикланадиган энергия объекти ҳисобланади.
Матбуот хизмати бугунги кунда бутун дунёда умумий қуввати 743 ГВт дан ортиқ шамол электр станциялари ўрнатилганини таъкидлайди. Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача 5 ГВт қуёш (ФЭС) ва 3 ГВт шамол элетр станцияларини ишга туширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Биргина 2023 йилнинг ўзида Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 1097 МВт бўлган тўртта ШЭС ҳамда Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1600 МВт бўлган тўртта шамол электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган.
IFC Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлиб, ривожланаётган бозорларда хусусий секторга йўналтирилган энг йирик глобал ривожланиш ташкилотидир. У дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади. 2021 молия йилида IFC ривожланаётган мамлакатлардаги хусусий компаниялар ва молия институтларига рекорд даражада — 31,5 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратди.
IFC Ўзбекистон ҳукуматига 2018 йилдан бери энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилиш бўйича маслаҳатлар бериб келмоқда. Қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва секторни хусусий инвестициялар учун очиш IFCнинг Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёдаги фаолиятининг асосини ташкил этади.