Меҳнат муҳожирларига инглиз тилини бепул ўргатиш тавсия этилди

ПМТИ сайти инфографикаси

Ўзбекистон Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари маҳаллаларда бепул инглиз тили курсларини ташкил этишни таклиф қилди. Шу йўл билан ўзбекистонликларни инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатлардаги меҳнат бозорига йўналтириш ва Россияга қарамликни камайтириш мумкин, деб ҳисоблайди институт ходимлари.

«Россиядаги меҳнат муҳожирлари ўтказадиган пул маблағларига боғланиб қолиш нафақат меҳнат бозори, балки бутун республикадаги вазиятни янада чуқурлаштиради. Шу сабаблар туфайли айни чоғда ишчи кучини экспорт қилиш учун янги имкониятларни кўриб чиқиш зарур», — дейилади институт чоп этган мақолада.

Мақола муаллифларининг қайд этишларича, 2021 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмаларининг 5,6 миллиард доллари ёки 70 фоизи Россияга тўғри келган. Ўша йили Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 1 036 305 кишини ташкил қилган (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра).

Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлиги кўп жиҳатдан мигрантлар пул ўтказмалари оқимига, демакким, қабул қилувчи давлатларнинг миграция сиёсатига боғлиқ. Нашрнинг таъкидлашича, муҳожирларни ватанга қайтишга мажбур қиладиган ҳар қандай иқтисодий зарба мамлакатдаги ишсизлик даражасини кескин оширади ва пул ўтказмаларини тўхтатиб, қашшоқликни янада кучайтиради.

Миграция оқимига ҳам таъсир кўрсатадиган ташқи муаммоларни ҳисобга олган ҳолда (гап, эҳтимол, Украинада ўтказилган ҳарбий махсус операция натижасида Россия Федерациясига киритилган халқаро санкциялар ҳақида кетаётган бўлса керак. – «Фарғона» изоҳи), ПМТИ экспертлари ташқи меҳнат миграцияси салоҳиятини ва Меҳнат миграциясининг энг муҳим омиллари қуйидагилар эканлигини аниқладилар:

➡️ Инглиз тилини билиш. Қабул қилувчи давлатда унга эгалик қилиш зарурати Ўзбекистондан меҳнат миграцияси оқимини 55 фоизга камайтиради;

➡️ донор мамлакатларда дипломатик ваколатхоналарнинг мавжудлиги. Бу меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетишини 16 фоизга оширади;

➡️ авиачипта;

➡️ Қабул қилувчи мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ омили.

ПМТИга кўра, Польша, Болгария, Литва, Чехия, Франция, Германия ва Буюк Британия каби мамлакатлар меҳнат миграциясини ривожлантиришнинг энг мақбул йўналишларидир.

Сингапур, Саудия Арабистони ва Япония учун салоҳият бор, лекин у пастроқ. МДҲ давлатлари орасида бу борада Озарбайжон ва Беларус энг яхши йўналиш ҳисобланади.

Ўрганиш ва таҳлил натижаларига кўра, ПМТИ мутахассислари қуйидаги таклифларни шакллантирдилар:

👉 хорижий давлатлар билан дипломатик алоқаларни, жумладан, ишчи кучини экспорт қилиш, меҳнат шартномаларини тузиш ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш;

👉 хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини ўргатиш сифатини ошириш. Меҳнат миграциясига бориш истагида бўлган фуқаролар сонини имкон қадар кўпроқ ўқитиш билан қамраб олиш, маҳаллаларда бепул инглиз тили курсларини ташкил этиш;

👉 меҳнат мигрантларига авиачипта сотиб олишда имтиёзлар бериш — чипталар нархининг 50 фоизини Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан тўлаш;

👉 Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мунтазам равишда меҳнат муҳожирларини жўнатиш бўйича потенциал муҳим давлатлар меҳнат бозорини чуқур таҳлил қилиб бориши зарур;

👉 Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари бўйича расмий ҳисоботларни такомиллаштириш (бугунги кунда айрим вазирликлар кўрсаткичларида тафовут мавжуд);

👉 Европа Иттифоқи мамлакатларига ишлаш учун юбориладиган хусусий бандлик агентликлари учун лицензия олишни соддалаштириш.

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 27 та давлати билан меҳнат шартномалари тузган – булар Россия, Қозоғистон, Беларусия, БАА, Туркия, Тожикистон, Болгария, Чехия, Латвия, Полша, Қувайт, Германия, Швейцария, Голландия, Исроил, Япония, Словакия, Саудия Арабистони. Арабистон, Литва, Баҳрайн, Украина, Малайзия, Қирғизистон, Озарбайжон, Хорватия, Финляндия ва Уммон. Ваҳоланки, муҳожирларни қабул қилувчи асосий давлатлар учта – Россия, Қозоғистон ва Туркия ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ