МДҲ давлатлари ўз фильмларининг олтин коллекцияларини намойиш этиш, сўнгра уларни миллий телеканалларда намойиш қилиш учун ўзаро алмашиш ниятида. МДҲ Ижроия қўмитасида бўлиб ўтган Ҳамдўстлик мамлакатлари кино саноати вакилларининг ишчи йиғилишида шундай ташаббус билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати.
Учрашув Zoom-конференцияси форматида бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг йирик киностудиялари раҳбарлари иштирок этдилар. Муҳокамада МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари, кино ишлаб чиқариш соҳаси мутахассислари, Ҳамдўстлик мамлакатлари вазирлик ва идоралари вакиллари ҳам иштирок этди..
Киностудиялар раҳбарлари ҳамкорликда ишлаб чиқариш форматидаги лойиҳаларни тақдим этдилар. Маълум бўлишича, Ўзбекистон ана шундай кинолойиҳаларнинг энг катта портфелини шакллантирган.
Улар орасида Озарбайжон («Хўжа Насриддин»), Тожикистон («Навоий ва Жомий», «Кўринмас юлдуз»), Россия («Пери совғаси», «Барон», «Қуёш таъми» ва бешта ҳужжатли фильм), Беларус («Казбек», «Ўзбек аёли»), Қозоғистон («Қўшнилар», «Эшелонлар Шарққа боради», «Қўрқут ота») билан ҳамкорликда яратиладиган филмлар бор.
Bazelevs компанияси билан Ўзбекистон, Россия ва Қозоғистон «Хўжа Насриддин» анимацион фильмини суратга олишмоқда. Томошабинлар жорий йилнинг май-июнь ойларида бир қанча янги бадиий фильмларни томоша қилишади.
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси XIII — Тошкент халқаро кинофестивалининг якунлари ва бўлажак XIV кинофестивалнинг режалари ҳақида сўзлаб берди.
Zoom- йиғилиши иштирокчилари Ўзбекистонда яна бир бор ёшлар йўналишига маҳорат дарслари, ёшлар кинолойиҳаларининг питчинглари, шунингдек, «Кино 5 кунда» дастурини ўтказишга урғу бердилар. Шунингдек, кинофестивал арафасида МДҲ давлатларининг кино бозори ва Жаҳон кино кунларини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Ҳамдўстлик мамлакатлари кино саноати вакиллари келгуси икки йиллик йўл хариталарини тақдим этдилар. Хусусан, кино таълими, кино ишлаб чиқариш, фестиваллар ҳаракати, банклар ва мутахассислар алмашинуви, халқаро тадбирларни ўтказиш бўйича қўшма ҳамкорликни янада ривожлантириш, халқаро фестиваллар ва кино кунларида иштирок этувчи филмларни таржима қилиш ва дубляж қилиш учун ягона марказлаштирилган фондни ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди. Мутахассисларнинг ягона ахборот базасини яратиш ва экспертлар алмашинуви, халқаро кино бозори ва кинофестивалларига биргаликда чиқиш ташаббуслари ҳам илгари сурилди.
Барча таклифлар кинолойиҳаларнинг ягона портфелида шакллантирилади, кейинчалик улар МДҲ Ижроия қўмитаси ва иштирокчи мамлакатлар ҳукуматлари билан мувофиқлаштирилади.
МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг кинематография соҳасидаги ҳамкорлик бўйича IV директорлар кенгашида киномаҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича иттифоқ тузилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Алянснинг ишчи номи «МДҲ давлатлари ва Грузия киностудияларининг Халқаро ижодий уюшмаси» деб аталади. Унга Фирдавс Абдухолиқов раис, «Беларусфильм» киностудияси бош директори Владимир Карачевский ижодий масалалар бўйича ўринбосар, «Тожикфильм» киностудияси бош директори Маҳмадсаид Шоҳиён эса иқтисодий масалалар бўйича ўринбосар этиб сайланди.