Ўн уч яшар ўсмирнинг алиментдан қарзи борлиги туфайли четга чиқиши тақиқлангани аэропортда маълум бўлади ва у Ўзбекистондан учиб кета олмайди. Бу ҳақда «Потребитель.Уз» Telegram-канали ўша боланинг онаси ёзган постига таяниб хабар беради.
Тошкент шаҳрида яшовчи аёлнинг сўзларига кўра, у 1 февраль куни ўғли билан Россияга учмоқчи бўлган, бироқ паспорт назоратидан ўтаётганда «вояга етмаган болалари учун алимент тўланмагани сабаб ўсмирга Ўзбекистондан чиқиб кетиш тақиқлангани» маълум бўлган.
Тақиқ Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан қўйилган бўлиб, унга кўра, 13 ёшли ўсмирнинг 2018 йилдан буён 7,5 миллион сўм (663 доллар) алимент қарзи бўлган.
Аёл ва унинг ўғли рейсдан қолдирилганидан сўнг, она Бош прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилади ва у ерда МИБ тизимидаги носозлик туфайли ўсмирга алиментдан қарз ёзилганини айтишади ва она-бола икки-уч кунда учиб кета олишини таъкидлашади. Аёлнинг «МИБ авиачипталар нархини тўлайдими-йўқми», деган саволи жавобсиз қолган.
«Менга МИБ ходими «танбеҳ» олганини ва энди у «бутун йил» давомида мукофот пули ололмаслигини айтишди, лекин шу билан бирга савол беришди:
- Бу ходимни танийсизми? Балки унинг сиз билан шахсий «олди-берди»си бордир?
- Мен бу одамни танимайман ва танишни ҳам хоҳламайман! Унга хизмат мавқеидан шу тарзда фойдаланишга ким ҳуқуқ берган?
- Унинг маоши қанча эканини биласизми?
Ҳақиқатан, буни билишни хоҳламайман. Чунки мазкур сафар учун уч йил давомида маошимдан пул йиққандим», — деб ёзади «Потребитель.Уз» гуруҳи аъзоси.
Аёл президент порталига мурожаат қилади ва орадан уч ҳафта ўтгач, унга МИБда паспорт рақамидаги бир рақам аралаштириб юборилгани сабаб, унинг ўғлига қарзлар ёзиб қўйилганини маълум қилишади.
Тошкентлик аёлнинг пости беш юздан ортиқ изоҳ тўплаган, шундан сўнг МИБ вакиллари «мулоқот ўтказиш истагини» билдиришган.
Ўтган йил октябрь ойида ўзбекистонликлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилган ФҲДЁ маълумотлар базаси хатолар га қалашиб кетганидан шикоят қилгандилар. Баъзиларга қўшимча фарзандларни ёзиб қўйишган, бошқаларининг қариндошлари кўрсатилмаган ва яна бирларининг турмуш ўртоғлари «маҳрум» бўлгани, айримларнинг эса иккитадан «хотини» борлиги аниқланган.