Тадбиркор Ғофур Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Профессионал бокс федерациясининг (ЎПБФ) биринчи вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар беради.
Кураш халқаро ассоциацияси бош котиби лавозимида узоқ йиллар ишлаб келган Умид Ёқубов федерация президенти этиб сайланди. У бу лавозимда ЎПБФ президенти вазифасини бажарувчи Дониёр Эргашевнинг ўрнига келди.
Федерациянинг яна бир вице-президенти лавозимини жамоатчилик асосда Осиё кураш федерацияси бош котиби Зиёвуддин Хаджиниёзов эгаллади.
Ғофур Раҳимовнинг номи ўзбек ва жаҳон спорти, хусусан, бокс тарихи билан чамбарчас боғлиқ. У 1993-1998 йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти лавозимида ишлаган. 1998 йилдан Халқаро ҳаваскор бокс федерацияси (АИБА) Ижроия қўмитаси аъзоси бўлган. 2001 йили Раҳимов Ўзбекистон Олимпия қўмитаси вице-президенти этиб сайланади, кейинги йили эса 2007 йили ўзи бошқарган АИБА вице-президенти лавозимини эгаллади.
2012 йилдан тадбиркор АҚШ санкциялари рўйхатида ва Ўзбекистонда қидирувда бўлган. 2018 йили Раҳимовнинг исми қидирувдагилар рўйхатидан олиб ташланди ва унинг ўзи яна АИБА президенти этиб сайланди. Бироқ 2019 йили у АИБА раҳбариятини тарк этишга мажбур бўлди, чунки унинг сайланиши Халқаро олимпия қўмитасининг норозилигига сабаб бўлганди.