Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар ихтисосликка қараб бўлинади

Uzbekistan Airports АЖ бошқарув раиси Раъно Жўраева 11 апрелдаги тақдимотда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон аэропортларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясида мамлакат халқаро аэропортларини ихтисослаштириш кўзда тутилган. Бу ҳақда 11 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевга транспорт ва коммунал соҳадаги лойиҳаларни тақдим қилинганда сўз борди.

Тошкент аэропортини халқаро хаб, Навоий аэропортини юк ташиш хаби, Самарқанд ва Бухоро аэропортларини туризм хабларига айлантириш кўзда тутилган.

Яқинда Самарқанд халқаро аэропортининг янги аэровокзал мажмуаси фойдаланишга топширилди. Қарши аэропортининг учиш зали янгиланди. «Тошкент» халқаро аэропортининг 2-терминали реконструкция қилинди, бунинг натижасида унинг ўтказиш қобилияти икки бараварга ошди.

Тошкент халқаро аэропортини модернизация қилиш орқали йўловчиларни ўтказиш қувватини соатига 2 минг 400 нафарга ошириш, рўйхатдан ўтиш, паспорт назорати ва самолётга чиқиш йўлакларини кўпайтириш режалаштирилган.

Тақдимотда «Тошкент-Шарқий» аэропортининг бош режаси ҳам муҳокама қилинди. Бухоро ва Урганч аэропортларида янги йўловчи терминаллари қуриш, шунингдек, ҳудудлараро лоукостер авиакомпанияси фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Фарғона водийсидаги учта – Андижон, Наманган ва Фарғона аэропортлари шаҳарлар ичида жойлашгани ва атрофи бино-иншоотлар билан зич ўралгани сабабли уларни кенгайтириш имконияти чекланган. Шу боис учта вилоятнинг ўртасида янги халқаро аэропорт қуриш таклиф этилмоқда.

Президентимиз аэропортларда хизматларни кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, нархларнинг оммабоплигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

2021 йил якунига кўра Ўзбекистон аэропортлари орқали 5,4 миллион йўловчи ва 82 минг тонна юк ташилди, хорижий авиакомпанияларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ошди. Харажатларни оптималлаштириш чора-тадбирлари натижасида барча аэропортларнинг молиявий кўрсаткичлари яхшиланди.

Бугунги кунда мамлакат аэропортларига Uzbekistan Airports АЖ томонидан хизмат кўрсатилмоқда. У 2019 йил охирида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг қайта тузилиши натижасида пайдо бўлди. АЖ 11 та халқаро аэропортларни – Тошкент (Ислом Каримов аэропорти), Андижон, Фарғона, Наманган, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Навоийдаги халқаро аэропортларни бошқариш учун масъулдир. Компания республика аэропортларини ривожлантириш, уларнинг ҳудудида йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражасини кўтариш, парвозлар, ҳаво кемалари паркидан фойдаланиш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва ҳоказоларни назорат қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ