Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Минск-Тошкент йўналиши бўйича HY-710 рейси ҳаво кемасининг «миналаштирилган»лиги хавфи туфайли Ўзбекистон пойтахтига бир неча соат кечикиб етиб келди
Авиакомпания матбуот хизмати хабарига кўра, 11 апрель куни А320 самолёти Минск миллий аэропортидан жадвалга мувофиқ соат 15:39да (Тошкент вақти билан) ҳавога кўтарилган. Учиш вақти 4 соат 45 дақиқадан иборат бўлиб, Тошкентга қўниш тахминан соат 20:25 да кутилганди.
Лайнер Россия ҳаво ҳудудида бўлганида Uzbekistan Airways, шунингдек РФ ва Беларус авиация хизматлари ходимлари электрон почта орқали бортга бомба ўрнатилгани ҳақида хабарлар олган.
Экипаж командири энг яқин аэропортга қўнишга қарор қилган, у Домодедово аэропорти бўлган. Бу ерда лайнер, йўловчилар, уларнинг багажлари, юклари ва почталари текширилган. Ҳаво кемасининг миналаштирилгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмади.
12 апрель куни эрталаб авиакомпания матбуот хизмати HY-710 рейси маҳаллий вақт билан 01:26 да Тошкентга эсон-омон қўнганини маълум қилди.