Ўзбекистон Украинага 34 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам жўнатди. 8 апрель куни юк Карпатортидаги гуманитар хабларидан бирига олиб кетилди. Бу ҳақда Карпаторти вилояти маъмуриятининг матбуот хизмати хабар берди.
Карпаторти вилояти раҳбари Виктор Никитанинг сўзларига кўра, инсонпарварлик юклари дори-дармонлар, индивидуал тиббий ёрдам қутилари, узоқ муддат сақланадиган озиқ-овқат ва бошқа нарсалардан иборат.
«Юк самолётда етиб келди, кейин эса у Карпатортига етказилди. Бу ҳарбий ҳолат шароитида қисқа вақт ичида йўлга қўйган логистика самарадорлигини яна бир бор исботлади», — деди Никита.
Гуманитар ёрдам зудлик билан қайноқ нуқталарга жўнатилади, дея қўшимча қилди ўлка маъмурияти раҳбари.
Никита Ўзбекистон ҳукуматига кўрсатган ёрдам ва Украинанинг Ўзбекистондаги элчиси Николай Дорошенкога гуманитар коридорни мувофиқлаштириш ва самарали йўлга қўйганлик учун миннатдорчилик билдирди.
«Ишончим комилки, бу алоқалар бизга янада самарали ҳамкорлик қилиш имконини беради», – деди Карпаторти вилояти раҳбари.
Бир ой олдин Николай Дорошенко Ўзбекистон Украинага 28 тонна гуманитар юк – дори-дармон, боғлаш материаллари ва бошқа кўп нарсаларни жўнатганини маълум қилганди. 17 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этишини маълум қилди.