Ўзбекистон Президенти иштирокида 7 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш ва кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
1 июлдан бошлаб мамлакат резидентлари ва тадбиркорлар учун давлат хизматларини олиш жараёнини осонлаштириш учун қуйидагилар зарур бўлади:
👉 38 турдаги давлат хизматлари (бино қиёфасини ўзгартиришга розилик бериш, болалар боғчасига қабул қилиш ва ҳ.к.) бўйича электрон имзони тасдиқлаш талабини бекор қилиш. Улар мобил телефон орқали тақдим этилади;
👉 олти турдаги лицензияларни олиш учун талабларни бекор қилиш (қайсилари — кўрсатилмаган);
👉 аҳоли ва тадбиркорлардан 32 турдаги ҳужжатлар ва коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг маълумотномалари талабини бекор қилиш;
👉 камида саккизта хизмат учун электрон хабар бериш тизимини жорий этиш,
👉 эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади (135 минг сўм).
Ўтган йили Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов электрон тизимга ўтиш ва аҳолидан 34 турдаги маълумотнома талаби бекор қилинганидан сўнг 46 миллиард сўм (4,2 миллион доллар) иқтисод қилинганини маълум қилган эди.
2023 йил охирига қадар давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сони амалдаги 172 тадан 300 тага, мобил илова орқали кўрсатиладиган хизматлар эса 60 тадан 250 тага етказилади.
Йиғилишда бир қатор туман ҳокимлари давлат хизматлари марказларини ўз вақтида қура олмаётгани танқид қилинди. Маълум бўлишича, режалаштирилган 43 та марказ ҳалигача фойдаланишга топширилмаган.
Давлатобод, Янгиер, Гулистон, Бўка, Миробод, Сергели, Мирзо Улуғбек, Гулистон ва Олмалиқ туманларида қурилиш ишлари умуман бошланмаган, Нукус, Баёвут, Қуйичирчиқ ва Пскентда қурилиш ишлари тўхтатилган.
Президент марказларни 1-сентябрьгача топшириш бўйича топшириқ берди.