Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» ва «Сўғдиёна W» (аёллар жамоаси) профессионал футбол клублари қошида Футбол академияси ташкил этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарорида сўз юритилган.
«Академия иқтидорли ёш футболчиларни саралаб олиш ва тарбиялашга қаратилган нодавлат спорт-таълим ташкилоти ҳисобланади», — дейилади ҳужжатда.
Таълим муассасаси 168 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, улардан 24 нафари танлов асосида қабул қилинган иқтидорли футболчилар бўлади.
Академия иши кейинги ўқув йилидан бошланади. Умумий таълим дастури энг яқин мактабларда ўтказилади. Академияда ўқиш муддати етти йил. Битирувчиларга сертификат берилади ҳамда олимпия ва паралимпия захиралари коллежларида махсус, касб-ҳунар таълими берилади.
Таълим муассасасини ташкил этиш учун спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳамда «Сўғдиёна» футбол клуби раҳбарияти масъул этиб тайинланди.
Ўтган йил декабрь ойида Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби базасида Испаниянинг «Кадис» клуби академияси 2022 йили очилиши тўғрисида хабар пайдо бўлганди. Маълум қилинишича, беш йиллик ҳамкорлик шартномасини ҳомий «Сўғдиёна» BMB Trade Group компанияси Кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Испания терма жамоаси вице-президенти Рафаэль Хесус Камарро имзолаган.
2018 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра, болалар футболи муассасалари мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида пайдо бўлиши керак. 2022 йил охиригача АФУ, ПФЛ ва профессионал футбол клублари (ПФК) солиқ тўлашдан озод этилди. Шунингдек, хорижлик футбол мутахассислари солиқ тўлашдан озод этилган.
Ўша йили Ўзбекистон футбол ассоциасияси раҳбарияти Суперлига клубларига ёшлар, аёллар ва футзал жамоаларига эътибор қаратиш мажбуриятини юклаган эди. Ушбу қоидаларга амал қилмаган клублар қуйи лигага тушиб қолиш билан таҳдид қилинди.