ОАВ: Ўзбекистон санкциялар режими доирасида Россияга автомобиллар экспортини тўхтатди

Aniq.uz сайти фотосурати

UzAuto Motors санкциялар режими доирасида Россияга автомобиллар экспортини тўхтатди. Бу ҳақда Eurasianet 2019 йилгача Ўзбекистон автомобиль заводининг 75 фоиз улушига эга бўлган General Motors (GM) вакилига таяниб хабар берди.

«GM маълумотларига кўра, UzAuto 2022 йил 9 мартдан бошлаб Chevrolet автомобилларини Россияга экспорт қилишни тўхтатди», — дейди General Motors вакили электрон почта орқали

UzAuto Motors вакили Россияга автомобиль етказиб бериш тўхтатилганини тасдиқлаш ёки рад этишдан бош тортган. Eurasianet GMдан жавоб олганидан сўнг, UzAuto компанияси автомобиллар ёки эҳтиёт қисмларни ташиш учун Россия портларидан фойдаланишни тўхтатганини айтган, бироқ автомобилларни Россияда сотиш масаласини муҳокама қилишдан бош тортган.

UzAuto Motors компанияси Chevrolet автомобилларини ишлаб чиқаради. Уларни йиғиш учун Жанубий Кореяда ишлаб чиқарилган яримўтказгичлар ва микросхемалар керак, деб тушунтирди Eurasianet. Бу давлат Украина ҳудудида ҳарбий махсус операция ўтказгани учун Россияга нисбатан жорий қилинган Ғарб санкцияларига қўшилган. Агар UzAuto Россия Федерациясига автомобиль етказиб беришда давом этса, унинг заводига бутловчи қисмлар етказиб бериш тўхтатилади.

Ўтган йили компания яримўтказгичлар етказиб беришда муаммоларга дуч келган, шу сабабли у эл орасида машҳур – Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун мижозлар буюртмаларини қабул қилишни тўхтатиб қўйишга мажбур бўлганди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йили Ўзбекистон жами 281,8 миллион долларлик 28 952 дона автомобиль экспорт қилган бўлиб, уларнинг 93 фоиздан ортиғи (26 970 таси) Қозоғистонга жўнатилган, энг кўп харидорлар бешлигига Украина (929), Россия (456), Озарбайжон (277) ва Афғонистон (128) киради.

GM Uzbekistan 2008 йили ташкил этилган бўлиб, ўн йилдан ортиқ вақт давомида «Ўзавтосаноат» давлат акциядорлик жамияти ва Американинг General Motors компанияси ўртасидаги қўшма корхона бўлиб келган. GM Uzbekistan акцияларининг 75 фоизи ўзбек томонига, 25 фоизи эса америкаликларга тегишли эди. «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ҳамкорлардан акцияларни сотиб олиб, корхонанинг ягона эгасига айлангани сабабли 2019 йил ёзида UzAuto Motors номига ўзгартирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ