Йил бошидан 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтган

Lenta.ru сайти фотосурати

2022 йилнинг дастлабки уч ойида Россиядан Ўзбекистонга 133 мингта меҳнат муҳожири қайтган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги раҳбари ўринбосари Азизбек Юнусов матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Юнусовнинг сўзларига кўра, йил бошидан буён турли мамлакатлардан 193 минг нафар меҳнат мигранти ўз ватанига қайтган.

Март ойида Россиядан 50 000 нафар ўзбекистонлик қайтиб келган.

Таққослаш учун: 2021 йили Ўзбекистонга 502 минг меҳнат муҳожири қайтган бўлса, шундан 280 минг нафари Россиядан келган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги фуқароларнинг Россиядан қайтиш сабабларини ўрганиш бўйича тадқиқот ўтказган. Унда Россия Федерациясини тарк этишни режалаштирган 15 мингга яқин киши иштирок этган. Уларнинг 15 фоизи ишдан айрилгани учун ватанига қайтаётганини, 25 фоизи валюта курсининг беқарорлигини сабаб қилиб кўрсатган.

Иштирокчиларнинг 24 фоизи қайтишнинг уларга қизиғи йўқлиги, ҳозирги пайтда ишлаётгани, агар иш жойини йўқотса, қайтиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкинлигини, 36 фоиз фуқаро эса Ўзбекистонга қайтмаслигини, уларнинг шартномаси борлиги ва иш жойини ўзгартириш нияти йўқлигини билдирган.

Шу билан бирга, йил бошидан 2183 нафар ўзбекистонлик Агентлик томонидан Россияда ишга жойлаштирилган. Яна 44 нафари Қозоғистонга, 1293 нафари Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларга юборилган.

2021 йили 108 592 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижда иш билан таъминланган. Улардан 100 111 нафари Россияга, 6 924 нафари Қозоғистонга, 1 532 нафари Жанубий Кореяга, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Польша ва бошқа давлатларга жўнатилган.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакилларининг сўзларига кўра,

жорий йилнинг февраль-март ойларида Россияда ойлик кечикаётганидан шикоят қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони кўпайган.

Россия Федерациясида меҳнат қилаётган 2200 нафарга яқин ўзбекистонлик Агентлик адвокатларига ёрдам сўраб мурожаат қилган бўлса, 1300 дан ортиқ мурожаатлар иш ҳақини ўз вақтида тўламанмаётгани билан боғлиқ бўлган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев март ойи охирида вилоят ҳокимликларига меҳнат миграциясидан қайтган 100 минг нафар фуқарони қурилиш соҳасига жалб этиш, меҳнат учун зарур бўлган асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратиш орқали уларни расмий иш билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ