Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида мудхиш воқеа юз берди, натижада Қирғизистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлди, деб хабар беради «Кабар» ахборот алентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизматига таянган ҳолда.
Дастлабки маълумотларга кўра, Жалолобод вилояти Ақси тумани Дейрес қишлоғида яшовчи бир неча киши отда Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда юк олиб ўтишга уринган. Улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) чегара қўшинлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига 500 метр кириб ўтган вақтида аниқланган. Контрабандачилар ўзбек чегарачиларининг тўхташ тўғрисидаги талабига бўйсунишмаган.
«Қонунбузарларни ҳибсга олиш вақтида жанжал келиб чиққан. Ўзбекистон чегарачилари қурол ишлатган, натижада икки фуқаро оғир жароҳат олган. Қолган қонунбузарлар Қирғизистон ҳудудида яширинишга муваффақ бўлган», — дейилади Чегара хизмати хабарида.
Ўзбекистон чегарачиларига кўра, қирғизистонликлар қиймати 20 минг доллардан ортиқ контрабанда юкини олиб ўтмоқчи бўлишган. Маълум бўлишича, ҳалок бўлганлар 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган ўзбекистонликлар бўлган. Бироқ, улар ўзлари билан бирга Ўзбекистон паспортини олиб юришган.
Инцидент содир бўлган жойда икки давлат чегара вакиллари воқеа тафсилотини ўрганиш мақсадида йиғилиш ўтказган. Томонлар воқеа юзасидан ўз текширувларини ўтказишга келишиб олганлар.
Дейрес қишлоғининг ҳалок бўлган 38 ва 31 ёшли фуқаролари жасади «Маданият-автодорожний» назорат-ўтказиш пункти орқали Қирғизистон томонига ўтказилган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари контрабандага алоқадор шахсларни қидирмоқда.