Ўзбекистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нарх барқарорлигини таъминлаш учун Қозоғистондан 100 минг тонна буғдой сотиб олади. Тегишли қарорни Бош вазир Абдулла Арипов имзолади.
Ҳукумат раҳбари тегишли идораларга апрель-июль ойларида 100 минг тонна 3-синф буғдой (қисман ун шаклида) етказиб бериш бўйича Қозоғистон экспортёрлари билан шартномалар тузишни топширди.
Таъкидлаш жоиз, буғдой олтита асосий сифат синфига бўлинган бўлади ва биринчи учтаси қимматли навлар бўлиб, ун майдалаш ва нон пишириш саноатида қўлланилади ва экспортга жўнатилади. Учинчи тоифадаги буғдой биринчи навли буғдойга нисбатан камроқ оқсил моддасига эга.
2022 йил 1 апрелдан бошлаб йил якунига қадар «Ўздавзахира» қўмитаси томонидан импорт қилинадиган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғини темир йўллар орқали ташишда 50 фоизли имтиёзли тарифлар қўлланилади, юкларни вагонлардан тушириб олиш муддати бўйича қўлланиладиган тарифлар (простой) миқдорини барча турдаги буғдой импортёрларига дастлабки уч кун учун 40 фоизга пасайтирилади.
Арипов Қишлоқ хўжалиги ва Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирликларига ички ва ташқи бозордаги вазиятдан келиб чиқиб, яна 500 минг тонна ғалла харид қилиш зарурлиги юзасидан таклифлар киритишни топширди.
Февраьл ойи охирида жаҳон бозорига асосий дон етказиб берувчилар — Россия ва Украина ўртасида қуролли тўқнашув бошланганидан кейин жаҳонда буғдой нархларининг ўсиши тезлашди. Март ойи ўрталарида Россия 30 июнгача ЕОИИ мамлакатларига дон (хусусан, буғдой) экспортини тақиқлаб қўйди ва бу қарорини «ташқи чекловлар шароитида ички озиқ-овқат бозорини ҳимоя қилиш» зарурати билан изоҳлади.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги дон экспортига вақтинчалик тақиқ ички бозордаги буғдой ва ун ҳажмига таъсир қилмаслигини маълум қилди. 2021 йили Ўзбекистонда 6,6 миллион тонна буғдой етиштирилди, хусусий сектор Қозоғистондан 2,771 миллион тонна буғдой ва 357,7 минг тонна ун импорт қилинди. 1 миллион 270 минг гектар майдонга буғдой экилиб, жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 миллион 679 минг тонна ҳосил йиғиштириб олиш режалаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўпдир.