Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорларнинг диний либосда бўлишига қўйилган тақиқ бекор қилинганига доир хабарни рад этди

Ўзбекистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари тиббиёт муассасаларида белгиланган меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда кийиниши шарт. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Ўктам Исмоилов шифокорларнинг диний кийимда бўлишига қўйилган тақиқ бекор қилинганига доир тарқалган хабарга нисбатан шундай изоҳ берди.

Бундан олдин депутат Расул Кушербаев республика Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевнинг буйруғига асосланиб, тақиқ бекор қилинганини маълум қилганди. Исмоиловнинг тушунтиришича, буйруқ билан тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодекси тасдиқланган.

Унга кўра, тиббиёт муассасалари ходимлари, тиббиёт коллежлари ва олий ўқув юртлари талабалари табиий матодан классик усулда тикилган махсус халат ёки костюмда ва тегишли бош кийимда бўлиши лозим.

«Кодексда келтирилган мезонлардан кўриниб турибдики, шифокор ва ҳамширалар иш жойида қатъий белгиланган меъёрларга мувофиқ кийинишлари шарт. Шунинг учун ОАВ вакиллари ва блогерлардан ушбу буйруқ мазмунини бузиб кўрсатмасликларини сўраймиз», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Тиббиёт муассасалари ходимларининг диний либос кийишини тақиқлаш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи билан 2016 йил бошида жорий этилган эди. Ўтган йил июль ойида президент Шавкат Мирзиёев «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонунни имзолаган эди. Ҳужжат диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини тугатиш тартибини соддалаштириб, диний эътиқоддаги одамларга кўпроқ эркинлик беради, жумладан, ўзбекистонликларга жамоат жойларида диний либосда юриш имконини беради. Шу билан бирга, қонунда белгиланганидек, давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг кийим-кечакларига қўйиладиган талаблар уларнинг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда