Ўзбекистон толиблар ҳукуматини тан олиш механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Сардор Умурзоқов Хитойдаги Афғонистонга қўшни давлатлар учрашувида. Ўзбекистон ТИВ сайти фотосурати

Ўзбекистон Афғонистоннинг «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган муваққат ҳукуматини халқаро тан олиш механизмлари ва мезонларини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Тегишли ташаббус 30-31 март кунлари Хитойда бўлиб ўтган Афғонистонга қўшни давлатлар раҳбарларининг учрашувида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов томонидан маълум қилинди. Бу ҳақда ИТСВ матбуот хизмати хабар берди.

Умурзоқовнинг аниқлик киритишича, Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматининг тан олиниши «мамлакатнинг минтақавий макон ва халқаро ҳамжамиятга интеграциялашувини тезлаштириш имконини беради».

Ўзбекистон томони, шунингдек, минтақа давлатлари, ҳамкор давлатлар ва Афғонистон билан барча устувор йўналишларда, жумладан иқтисодиётни тиклашни жадаллаштириш ва афғон халқи турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини таъкидлади.

30-31 март кунлари Хитойнинг Хуаншан шаҳрида йиғилишда Ўзбекистон ва Хитойдан ташқари Россия, Эрон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари ҳам иштирок этди. Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки бошчилигидаги толиблар ҳукумати делегацияси ҳам ҳозир бўлган.

Томонлар минтақа давлатларининг 👉 афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, 👉 мамлакатда барча этник ва сиёсий гуруҳларнинг кенг вакилларига асосланган янги коалиция ҳукуматини яратишни тезлаштириш, 👉 аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.

Учрашув иштирокчилари толиблар ҳукуматининг мамлакатда террорчилик ташкилотлари фаолияти ва Афғонистондан қўшни давлатларга ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши муҳимлиги ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг бошқа талабларига эътибор қаратдилар.

Шу билан бирга, БМТ Афғонистондаги гуманитар мажбуриятларга бағишланган вазирлар конференциясини видеоконференсалоқа форматида ўтказди. Форум Буюк Британия, Германия ва Қатар ҳукуматлари билан ҳамкорликда БМТнинг Афғонистондаги гуманитар фаолиятини молиялаштириш учун донор маблағларини сафарбар этиш ва халқаро ҳамжамият эътиборини ушбу мамлакатдаги гуманитар инқирозга қаратиш мақсадида ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистондан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Владимир Норов иштирок этди. жумладан, у «дунёдаги мавжуд воқеалар туфайли» (Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги ҳарбий махсус операцияси назарда тутилади) халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонга эътибори бироз пасайганидан хавотир билдирди.

«Дарҳақиқат, афғон муаммоси жаҳон сиёсатида мавқе бўйича иккинчи даражали бўлиб қолди. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Халқаро ҳамжамият бу давлатнинг бугуни ва келажаги учун жавобгар бўлиши керак. Бугунги кунда бу давлат ўз ривожланишининг ҳал қилувчи босқичида турибди. Ё бу давлат жаҳон ҳамжамиятининг ёрдами билан нормал иқтисодиёт ва тараққиёт пойдеворини қуриш учун шарт-шароит яратади ёки яна террористик ва экстремистик ташкилотлар паноҳига айланади», — деди Норов.

Вазир ўринбосари таъкидлаганидек, Афғонистоннинг амалдаги расмий органлари халқаро ҳамжамият хавотирларига фаол жавоб бериб, кўзга кўринган натижаларга эришмоқда. Нималарга эришилганига Норов аниқлик киритмади.

Таъкидлаш жоиз, шу кунгача «Толибон» тузган ҳукуматни дунёнинг ҳеч бир давлати тан олмади. Халқаро ҳамжамият Афғонистондаги янги ҳокимиятга турли сиёсий ва этник гуруҳлар вакилларининг киритилишини талаб қилмоқда. Бундан ташқари, янги ҳокимиятни тан олишнинг мажбурий шартлари қаторида — аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, уларнинг ўқиши ва ишлашига қарши чиқмаслик, террористик гуруҳлар билан алоқа қилишдан бош тортиш талаби ўрин олган. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимият томонидан расман аккредитация қилинган «Толибон» вакиллари сўнгги пайтларда Туркманистон ва Россиядаги дипломатик ваколатхоналар таркибида Афғонистон манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ