Ўзбекистонда қийноқдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги қонун кучга кирди

31TV.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

30 март куни Ўзбекистонда қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларидан жабрланганларга етказилган зарарни қоплашга доир Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришлар тўғрисидаги қонун кучга кирди.

Қонун 29 март куни Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланди. У Фуқаролик Кодексининг иккита моддаси билан тўлдирилди: 991 («Терговга қадар текширувларни ўтказувчи органларнинг, суриштирув, дастлабки тергов органларининг, прокуратура ва суднинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик») ва 1021 («Умумий қоидалар»).

991-моддага киритилган ўзгартиришга кўра, қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларини қўллаш натижасида фуқарога етказилган зарар давлат томонидан тўлиқ қопланади. Бунда суд зарарни айбдор мансабдор шахслар томонидан қопланишини талаб қилиши мумкин.

1021-моддага киритилган ўзгартишда айтилишича, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазо турларини қўллаш айбдорнинг айбидан қатъи назар, маънавий зарар қопланиши шарт ҳолат ҳисобланади.

Сенатда таъкидланганидек, қўшимчалар кучга киргандан сўнг қийноқлар қурбонларига ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилади, уларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки йўқотилган фойда, маънавий зарар қопланади. Шу билан бирга, уларга юридик ёрдам кўрсатиш, дори-дармонлар, шунингдек, тиббий, психологик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш харажатлари тўланади.

2021 йил март ойида Ўзбекистон судлари 2016 йилдан буён фуқаролар ҳуқуқларини тиклаш бўйича 2770 нафар шахсни оқлагани хабар қилинган эди. 2017-2021 йиллари ички ишлар органларининг 460 нафар ходими жиноят содир этган бўлса, улардан 16 нафари қийноқлар қўллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ