Эрдоған Хива шаҳрини кўздан кечиргандан сўнг ватанига қайтди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған расмий ташрифининг иккинчи кунини Хоразм вилоятида ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Сафарда унга рафиқаси Эмине Эрдоған, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонлар Турк дунёсининг 2020 йилги маданий пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрининг тарихий обидаларини зиёрат қилдилар. Хусусан, Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона ёдгорлик шаҳар — Ичан-қалъа мажмуасини кўздан кечиришди. Очиқ осмон остидаги ушбу музейда 120 дан ортиқ меъморий ёдгорликлар мавжуд.

Президентлар Ғарбий дарвоза, Калта-минор минораси, эски Куня-Арк қалъаси ва мадрасасини, шунингдек, ҳунармандчилик устахоналарини кўздан кечирдилар, Пахлавон Маҳмуд мақбараси ва Жума масжидини зиёрат қилдилар. Улар ҳунармандлар, сайёҳлар билан суҳбатлашдилар.

Эрдоған бошчилигидаги Туркия делегацияси Хива бўйлаб сайр қилгандан сўнг ўз ватанларига учиб кетди. Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимотини баҳолаш учун шаҳарда бир неча соат қолиб кетди.

Жумладан, президентга февраль ойида тақдим этилган Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши лойиҳасининг бориши ҳақида сўзлаб берилди. Шаҳар Урганч халқаро аэропорти яқинидаги 110 гектар майдонда барпо этилади. Президентнинг фикрича, Ал-Хоразмий илмий-маърифий кластерга айланиши керак.

«Бу шаҳар ичидаги шаҳар бўлади. Университет, инновацион марказ ва мактаблар илмий-таълим кластерини ташкил қилади. Шунингдек, ишчилар учун уй-жойлар, илмий-ишлаб чиқариш зонаси қурилади. Шаҳарчани сифатли қуриш керак», — деди Мирзиёев.

Бошқа лойиҳалар қаторидан Урганч шаҳридаги Санъат музейи кўргазмалар майдонини реконструкция қилиш ва кенгайтириш, Хива шаҳридаги қўғирчоқ театрини замонавий бино билан таъминлаш ўрин олган.

Тақдимотдан сўнг президент Тошкентга қайтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ