Uzbekistan Express Намангандан Красноярскка парвозларни амалга ошира бошлади

Uzbekistan Airways матбуот хизмати фотосурати

29 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways Express Наманган – Красноярск – Наманган йўналишида парвозларни амалга ошира бошлади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.

Янги йўналиш бўйича рейслар сешанба кунлари «тўлиқ эконом» форматида амалга оширилади. Самолётлар Намангандан соат 17:35 да (бу ва кейинги ўринларда — самолёт жойлашган шаҳар вақти бўйича) учади, Красноярскка қўниш вақти соат — 22:50 да. Қарама-қарши йўналишда жўнаш вақти соат 00:20, етиб келиш соат 01:55 да.

Наманган – Красноярск йўналиши бўйича багаж билан авиачипта нархи 2 388 069 сўмдан (209 доллар), Наманган – Красноярск – Наманган йўналишида эса 4 433 304 сўмдан (389 доллар) бошланади.

Парвозлар «Шарқий» хаб лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Маълумки, унга Наманган ва Фарғона аэропортлари киради.

Лойиҳа Наманган аэропортининг Фарғона водийси аҳолиси учун энг оммабоп йўналишлар бўйича чипталар нархини пасайтириш бўйича таклифи асосида ишлаб чиқилган ва у жорий йилнинг январь ойида Россия шаҳарлари ва Истанбулга парвозлар бошланган пайтда бошланган эди.

30 мартдан Намангандан Олмаотага парвоз йўлга қўйилади, январь ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг ушбу шаҳридан самолётлар Москва, Перм, Самара, Омск, Оренбург, Иркутск, Краснодар, Екатеринбург ва Уфага парвоз қила бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ