Талаба қизга тегажоғлик қилишда айбланаётган декан ўринбосари иши судга оширилди

ТДПУ ФОТОСУРАТИ

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари, талаба қизни зўрлашга уринишда айбланаётган Боғабек Йўлдошевнинг иши бўйича тергов ишлари ниҳоясига етган. 10 март куни жиноят иши материаллари Яккасарой туман судига топширилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга асосланиб Kun.uz нашри хабар беради.

Ҳаёт Шамсуддинов иш судда ёпиқ тарзда кўрилишини маълум қилган.

Декан ўринбосари билан боғлиқ воқеа 2021 йил 18 октябрда содир бўлганди. Учинчи курс талабаси Муштари-бону Комилованинг сўзларига кўра, Йўлдошев уни зўрламоқчи бўлган, сўнг уни учинчи қават деразасидан итариб юборган. Қиз оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган, бир нечта операцияларни бошдан ўтказган.

Йўлдошев 21 октябрь куни Комилованинг онаси Ўзбекистон президенти виртуал қабулхонасидан ёрдам сўраб мурожаат қилганидан сўнг қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105 — («Қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст этказиш») ва 118 — («Зўрлаш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Йўлдошевнинг хатти-ҳаракатларини қоралаб, таъқибга учраган талаба қизлар учун Телеграмда ишонч телефони ва чат-бот очилганини эълон қилди. Ноябрь ойида ТДПУ ректори Алишер Умаров ишдан бўшатилди.

Комилованинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда у билан боғлиқ воқеа эълон қилинганидан кейин унга нисбатан ҳужумлар авж олган. Айрим интернет фойдаланувчилари қизни воқеани оммага ошкор қилганликда қоралаб, пул олиш мақсадида шантаж қилганликда айблашган. Бошқалар эса қизни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганлар. Комилова таҳсил олаётган факультет раҳбарияти унга жорий ўқув йили учун шартнома пулини тўлаб беришни таклиф қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ