Тошкентда Халқаро анимация форуми бўлиб ўтади

Алишер Навоий номидаги кино саройи.Afisha.uz сайти фотосурати

18-22 апрел кунлари Тошкент шаҳрида Tashkent Animation Forum бўлиб ўтади. Бу ҳақда Yuz.uz хабар беради.

Форумни ўтказиш ғояси режиссёр, Dante Rustav Films Ўзбекистон мустақил директорлар ҳамжамиятининг асосчиси Денис Семеновга тегишли. Уни Ўзбекистон Кино агентлиги, Исроил элчихонаси, Швейцария элчихонаси қошидаги ҳамкорлик бўйича Швейцария идораси ва Гёте институти қўллаб-қувватлади.

Ташкилотчиларга кўра, мазкур форум мустақил Ўзбекистонда анимация фильмларга бағишланган илк кенг кўламли тадбир бўлади. Унда иштирок этиш учун Марказий Осиё давлатларидан ҳамда Россия, Исроил, Озарбайжон, Грузия ва Украинадан етакчи аниматорлар ташриф буюрадилар.

Форум дастуридан «Ўзбекмультфильм» киностудияси томонидан яратилган совет мультфильмлари (жумладан, йўқолган деб ҳисобланган, аммо топилган ва рақамлаштирилган), МДҲ давлатлари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий анимация фильмлар намойиши, шунингдек, анимация мутахассисларининг маъруза ва маҳорат дарслари ўрин олган. Намойишлар Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади.

Tashkent Animation Forum икки танлов дастурини ўз ичига олади — болалар ва катталар учун.

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Эртага», деб номланган болалар дастурида Швейцария ҳамкорлик бюроси ва Гёте институти кўмагида Тошкентда очилган анимация студияси битирувчилари асарларини тақдим этилади.

Катталар танлови дастури Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг профессионал аниматорлари учун мўлжалланган. Унга минтақада сўнгги икки-уч йилда ишлаб чиқарилган энг яхши анимацион фильмлар киритилган.

Форум меҳмонлари ўз дастурларини тақдим этадилар. Театр ва анимация танқидчиси, «Большой фестиваль мультфильмов» («Мультфильмлар катта фестивали») (Россия) халқаро анимация фестивалининг дастур директори Дина Годер «Анимадок» ҳужжатли анимация дастурини намойиш этади.

Ҳар йили Бокуда бўлиб ўтадиган ANIMAFILM халқаро анимация фестивали директори ва асосчиси Рашид Агамалиев 60 йил давомида яратилган энг яхши Озарбайжон анимацияси ретро асарларини тақдим этади.

Батумидаги (Грузия) Tofuzi халқаро анимация фестивали директори Зураб Диасамидзе «Жаҳон панорама» дастурини – оилавий томоша қилиш учун мўлжалланган энг яхши хорижий овозсиз мультфильмларни тақдим этади.

МДҲдаги энг йирик халқаро анимация фестивалларидан бири бўлган Linoleum (Украина) дастур директори Анастасия Верлинская катталар учун ижтимоий муаммолар, миграция, гендер тенглиги ва ўз-ўзини англаш мавзуларига бағишланган анимация фильмларини олиб келади.

Шунингдек, форум меҳмонлари анимациянинг замонавий тенденциялари, мультфильмлар яратишнинг техник томони, шунингдек, халқаро фестивалларни ташкил этиш бўйича маърузалар ўқийдилар.

Форум доирасида таниқли Wild Kids Animation Studio (Исроил) вакиллари ҳаммуассис ва бадиий раҳбар Макс Эпштейн ва ўқитувчи Карина Хананея Тошкент анимация студияси талабалари ҳамда Бухоро, Фарғона, Нукус шаҳарларидан, шунингдек Бишкек (Қирғизистон) ва Канибодом (Тожикистон)дан келган болалар билан ҳамкорликда ишлайдилар. Улар маҳорат дарслари ўтказадилар ва форумнинг ёпилиш кунида намойиш этиладиган болалар мультфильмларини тайёрлайдилар.

Tashkent Animation Forum форуми тадбирларига кириш бепул, лекин олдиндан рўйхатдан ўтиш шарт. Апрель ойи бошида ишга тушириладиган форумнинг taf.uz расмий сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин. Сеанслар ва маърузаларнинг тўлиқ жадвали ҳам сайтдан жой олади.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ