Қизалоғини айиқлар қафасига ташлаб юборган аёл даволанишга юборилди

Зоопарк видеокамераси ёзувидан кадр

Уч яшар қизалоғини айиқлар қафасига ташлаб юборган тошкентлик Зилола Тўлаганова даволаниш учун руҳий касалликлар шифохонасига юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратурасига таяниб, «Даракчи» хабар беради.

Эслатиб ўтамиз, 28 январь куни Зилола Тўлаганова ҳайвонот боғига уч ёшли қизалоғини олиб келади. Аёл айиқнинг панжарага яқинлашишини кутади, сўнг у болани беш метр баландликдан айиқ олдига ташлайди, нарсаларини йиғиб, нима бўлаётганини кузата бошлайди. Айиқ зовурга тушиб, қизалоққа яқинлашади, қизчани ҳидлаб, сўнг ундан узоқлашади. Ҳайвонот боғи ходимлари айиқни ички қисмга олиб киришади, қизалоқни зовурдан чиқариб олишади. Қизалоққа дастлаб ҳайвонот боғи ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг у тез ёрдам машинасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.

Қизалоқ енгил шок ҳолатида бўлган, баландликдан йиқилиш оқибатида очиқ бош мия жароҳати ва бош мия чайқалиши кузатилган. Тошкент ҳайвонот боғи даволаниш харажатларини ўз зиммасига олган, бундан ташқари, қиз ва унинг акаси учун ушбу муассасага киришни умрбод текин қилиш қарори қабул қилинган

Қизалоқ 21 февраль куни шифохонадан чиқарилган.

Аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди («Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Бундай жиноят учун ўн беш йилдан бир умрга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Тўлаганова суд-психиатрия ва психология бўйича комплекс экспертизадан ўтказишга юборилган. Унинг натижаларига кўра, аёлнинг руҳий касалликка чалингани, тергов ва суд жараёнида кўрсатма беришга қодир эмаслиги аниқланган. Шунинг учун Тўлагановани даволаниш учун руҳий шифохонасига юборишга қарор қилинган.

Аввалроқ, Тўлаганованинг отаси 2020 йили қизи ёрдам сўраб психиатрга мурожаат қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, қизининг руҳиятидаги ўзгаришларга эри ва қайнонасининг кўп йиллик босими ва калтаклари натижасида юзага келган стресс сабаб бўлган. Аёл ажрашиш учун ариза берган, аммо судда эри болаларни етим қолдирмаслик учун никоҳни бузмоқчи эмаслигини айтган. Натижада судя Тўлаганова даъвосини рад этиб, эр-хотин алоҳида яшашига қарамай, унинг турмуш ўртоғидан алимент ундирмаган. Охирги пайтларда аёл тушкунлик исканжасида яшаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ