Эрдоған стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюради

Шавкат Мирзиёев ва Режеп Тайип Эрдоған, Анкара, 2020 йил февраль. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 29-30 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Олий мартабали меҳмон ташриф доирасида олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этади, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Тошкентда Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтади. Унда икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

«Асосий эътибор савдо, инвестициялар, инновациялар, саноат, логистика, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга оширишга қаратилади.

Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Саммит якунида Қўшма баёнот ва қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши икки давлат Президентларининг 2018 йилдаги Қўшма баёнотига мувофиқ ташкил этилган. Мирзиёев ва Эрдоған кенгашнинг ҳамраислари ҳисобланади. Кенгаш сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, иқтисодиёт ва савдо, инвестисия, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва технология, инновациялар, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришнинг қўшма стратегиясини белгилайди.

Кенгашнинг биринчи йиғилиши 2020 йил февраль ойида Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтган эди. Кейинчалик томонлар, жумладан ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 5 миллиард долларга етказиш ниятида эканликларини эълон қилдилар. 2016 йилдан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Сўнгги уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган турк сармояси ҳажми икки баробарга ошди, ўтган йили бу кўрсаткич 1,2 миллиард долларни ташкил этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ