Хитойнинг Chery автомобиль концерни Ўзбекистон бозорига тақдим этмоқчи бўлган илк автомобиль моделларини эълон қилди. Улар орасида Arrizo 6 Pro седани, Tiggo 4 Pro, Tiggo 7 Pro ва Tiggo 8 Pro автомобиллари бор. Бу ҳақда Chery International компаниясига асосланиб, Autostrada.uz хабар берди.
Сотувлар жорий йилнинг учинчи чорагида бошланиши кутилмоқда.
Arrizo 6 Pro — ўрта ўлчамли седан бўлиб, у Ўзбекистон бозорида Chevrolet Lacetti ва бўлажак Chevrolet Onix билан рақобатлашади. У Бразилияда фаол сотилмоқда, нархи 28 000 долларни ташкил қилади.
Chery Tiggo моделлари Chery Shanghai Technology Center томонидан ишлаб чиқилган Т1Х платформасида ишлаб чиқарилади. Ушбу линиянинг асосий афзаллиги — бой жиҳозлар ва юқори ёқилғи тежамкорлиги, деб таъкидлайди Autostrada.uz. Барча моделлар учун ёқилғи сарфи 100 км учун 11 литрдан кам. Масалан, Tiggo 7 Pro Россияда 25 минг — 28 минг доллар оралиғида сотилади.
Spot.uzнинг ёзишича, Chery автосалонлари дастлаб Тошкентда, кейин Ўзбекистоннинг яна етти шаҳрида пайдо бўлади.
Chery Automobile Co. Ltd компанияси 1997 йили Хитойнинг Анхой провинцияси Уху шаҳар мерияси ташаббуси билан ташкил этилган. Акциядорлар вилоятнинг бешта давлат компанияси ва холдинглардан иборат бўлган. Ҳозиргача акцияларнинг 90 фоизи давлатга тегишли. Chery Automobile компанияси бутун дунё бўйлаб 6 та автомобиль заводи ва 11 йиғиш заводини ўз ичига олади.
2021 йили компания 961 926 та автомобиль сотди, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 31,7 фоизга ошган. Концерн автомобиллари Хитойдан ташқари Россия, Бразилия ва Чилида машҳурликка эга.