2021 йили Туркия Ўзбекистон иқтисодиётига 1,2 миллиард доллар миқдорида сармоя киритди

Бинали Йилдирим (чапда) ва Сардор Умурзоқов. ИТСВ матубот хизмати фотосурати

Сўнгги уч йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритган турк сармоялари ҳажми икки баравар ортиб, 2021 йил якунига кўра 1,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси, Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раисининг ўринбосари Бинали Йилдирим билан учрашувда маълум бўлди, деб хабар беради ИТСВ матбуот хизмати.

Турк компаниялари билан бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Шу билан бирга, янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун «Anadolu Group», «Ekzachibashi», «Medicana», «Ajibadem» компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Учрашувда ўтган 5 йил давомида ўзаро савдо ҳажми 2 баробар ошиб, 3,5 миллиард долларга етгани таъкидланди. Яқин келажакда Ўзбекистон-Туркия савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан, томонлар имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини тасдиқлаш борасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда ва ҳужжатни қисқа вақт ичида имзолашни режалаштирмоқда.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва логистика алоқаларини мустаҳкамлаш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Янги, ўзаро манфаатли логистика йўналишларини кашф этиш, транзит жараёнларини соддалаштириш ва Ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш борасида ҳамкорликда ишлаш зарурлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, 2026 йилгача бўлган даврда туркий давлатларнинг транспорт ва инфратузилмавий ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишни жадаллаштириш ва 2022-2023 йилларда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича алоҳида «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувда икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг яна бир қатор масалалари муҳокама қилинди. Жумладан:

👉 Туркий давлатлар ташкилоти доирасида фаолият юритадиган Туркий инвестиция жамғармаси ва Тараққиёт банкини ишга туширишни жадаллаштириш

👉 савдо-сотиқни ривожлантиришга ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари негизида туркий давлатлар ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантиришга ихтисослашган муҳандислик-технология марказларини яратиш бўйича ҳамкорлик қилиш,

👉 Олий ўқув юртлари ўртасида муносабатларни йўлга қўйиш,

👉 туркий мамлакатларнинг ишлаб чиқарувчиларини саноат кооперациясини кучайтириш ҳамда қўшма корхоналар, саноат кўргазмалари, халқаро ва ҳудудлараро бизнес форумларни ташкил этишга жалб қилиш мақсадида жорий этилган “саноат ҳафталиги” каби қатор қўшма тадбирларни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йил 3 октябрда Туркий кенгаш номи остида ташкил этилган бўлиб, у Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши деб ҳам аталган. Ташкилот 2021 йил ноябрида бўлиб ўтган саммитда ТДТ номига ўзгартирилди. Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон киради, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи сифатида иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ