Татаристон президенти Рустам Миннихонов Тошкент вилоятидаги «Чирчиқ» кимё-саноат технопарки қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Россия ҳудуди раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Миннихонов Ўзбекистонга 22 март куни кечқурун амалий ташриф билан келди. Технопарк қурилишининг бошланиши Татаристон делегациясининг ишчи сафаридаги муҳим воқеалардан биридир: «Чирчиқ» Қозон технополиси «Химград» иштирокида яратилмоқда.
Технопарк Россия компанияларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштиришга мўлжалланган. Бу ерда юқори қўшимча қийматга эга нефт-кимё ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган. Парк резидентларига имтиёзли солиқ шароитлари тақдим этилади, уларга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ваъда қилинади.
Маросимни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов очди. Унинг қайд этишича, технопарк лойиҳаси Татаристонлик мутахассисларнинг тажрибаси ва билими эвазига амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори билан резидентларга катта солиқ имтиёзлари ва уч йилгача бўлган муддатга божхона тўловларидан озод қилиш кўзда тутилган. Бугунги кунда нафақат Россия, балки Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлар технопаркдаги меҳнат шароитларига қизиқиш билдирмоқда. Технопарк ҳамма учун очиқ. Келгуси йилларда бу ерда Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган 100 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади», — деди Арипов.
Миннихонов 31,2 гектар майдондаги технопарк резидентлари учун барча зарур шароитлар яратилишини айтди.
«Комплекс муҳандислик инфратузилмасининг мавжудлиги ишлаб чиқаришни тез бошлашни таъминлайди. Резидентлар кичик ва ўрта бизнес вакилларидан иборат бўлади. Камида 2200 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Чирчиқ шаҳридаги саноат парки Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини минтақавий даражада кенгайтиришга яхши ҳисса қўшмоқда», — деди Татаристон президенти.
Минниханов татаристоннинг «ВР-Пласт» МЧЖ (пластмасса ишлаб чиқарувчи), «Бионоватик» МЧЖ (ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ишлаб чиқарувчиси) ва «Натуральное здоровье» МЧЖ (биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчи) компаниялари технопаркнинг биринчи резидентлари бўлганини маълум қилди. Чирчиқ технопарки маъмурияти мазкур корхоналар билан сармоявий шартномалар имзолаган. Маросимда, шунингдек Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Татаристон ҳукумати ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.
2021 йил якунига кўра Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион долларни ташкил этди. Вазирликлар, Савдо-саноат палаталари, корхоналар, ташкилотлар ва олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик бўйича қатор шартнома ва меморандумлар имзоланган ва амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Татаристоннинг «КАМАЗ», «Татнефт», «Химград», «КEР-Холдинг», «Татхимфармпрепараты», «ПОЗиС» ва бошқа компаниялари билан ҳамкорлик қилади.
Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ татар яшайди, бу энг йирик татар диаспораларидан биридир. Уларнинг аксарияти Тошкент ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қилади.