Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наврўз байрами арафасида 75 нафар шахсни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Афв этилганлар «озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар» орасидан танлаб олинди.
Афв этилганларнинг 4 нафари асосий жазони ўташдан тўлиқ озод этилди, 53 нафари шартли равишда жазони ўташдан озод этилди, иккита жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди, 16 нафар маҳкумнинг озодликдан маҳрум қилиш муддати қисқартирилди.
Афв этилганлар орасида 18 нафар хорижий давлат фуқаролари, 17 нафар аёллар, 15 нафари 60 ёшдан ошган эркаклар, олти нафар ногиронлар, тўққиз нафари фаолияти тақиқланган ташкилотлар аъзоси.
Президент қарори доирасида масъул вазирлик ва идораларга афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва соғлом турмуш тарзини қарор топишига кўмаклашиш, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш бўйича топшириқлар берилди.
Декабрь ойида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан 185 нафар шахсни афв этиш тўғрисида фармон чиқарилганини эълон қилган Шавкат Мирзиёев амалдаги жиноят қонунчилигини қайта кўриб чиқиш тўғрисида гапирган эди. Хусусан, расмийлар жазони ўтаб бўлган шахсларнинг жамиятга қайта интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида «бирламчи тиббий ёрдам пакетлари» тизимини жорий этишни режалаштирмоқда. Озодликка чиққан шахс ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлса ва аниқ бизнес лойиҳасини тақдим этса, унга Пробация хизматини ривожлантириш жамғармаси томонидан 10 миллион сўм (930 АҚШ доллари)гача бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бундан ташқари, пенсияни ҳисоблашда колониядаги иш умумий иш стажида ҳисобга олинади.