БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси мандатини узайтирди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши мажлиси. БМТ сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши пайшанба куни Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси мандатини 2023 йил 17 мартгача узайтирди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳужжат Хавфсизлик Кенгашига аъзо 14 давлат томонидан қўллаб-қувватланди, Россия овоз беришда бетараф қолди.

Йиғилишда Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москва позициясини тушунтирар экан, Россия томони миссия муваффақиятли бўлишини исташини, бироқ «агар у берилган барча вазифаларни бажара олмаса, у ҳолда жавобгарликка тортилишни истамаслигини» айтди.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳани муҳокама қилиш чоғида Россия делегацияси «Хавфсизлик Кенгашидаги ҳамкасбларига мезбон давлатнинг БМТ иштироки учун розилигини олиш муҳимлигини етказишга» ҳаракат қилган. «Ушбу императив йиллар давомида махсус сиёсий миссия мандати ҳар бир янгиланишида изчил ҳисобга олинди. Бироқ, бу гал унинг тилга олиниши Афғонистонда йиллар давомида масъулиятсиз сиёсат олиб борган, долзарб муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшмай келаётган ва натижада бу мамлакат аҳолисини ўз тақдирига топшириб келаётганларнинг қаршилигига учради», — деди Небензя.

Афғонистонга кўмак бериш миссияси 2002 йилнинг март ойида Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати илтимосига биноан ташкил этилган. Миссия ваколатига Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматига ёрдам бериш, минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, НАТОнинг ноҳарбий миссияси билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда гуманитар ёрдам етказилишига кўмаклашиш киради. Ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан ҳокимият қўлга киритилганидан сўнг, БМТ миссияси Олма-Отага кўчирилди. Миссия ҳозирда толиблар билан алоқа ўрнатган ва афғон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ