Мирзиёев Конституцияга соғлиқни сақлаш соҳасига доир ўзгартиришлар киритилишини маълум қилди

Халқро форумлар саройида тиббиёт ҳодимлари билан очиқ мулоқот. Ўзбекистон президенти матубот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Конституциясига соғлиқни сақлаш соҳасига доир тегишли ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Амалдаги Конституциямизнинг 40-моддасида “Ҳар бир киши малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”, деб белгилаб қўйилган. Ишончим комил, биз халқимиз соғлиғини сақлаш соҳасида улкан мақсад ва вазифаларни олдимизга қўяётган ҳозирги шароитда, ушбу конституциявий модданинг ўзи етарли эмас. Бугун замон биздан тиббиёт тизимимизнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлашни талаб этмоқда», — деди Мирзиёев.

Президент фикрига кўра:

👉 мамлакат асосий қонунида соғлиқни сақлаш тизимини аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган юқори малакали замонавий тармоққа айлантириш масаласини бевосита конституциявий норма сифатида белгиланиши;

👉 Конституцияга тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминловчи нормани киритиш;

👉 тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун конституциявий асосларни яратиш лозим.

«Давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича самарали чоралар кўриши керак. Чунки тоза ва соф экологиясиз аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини асраш ҳақида гапиришнинг маъноси йўқ. Шу билан бирга, давлат экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масъулиятини ўз зиммасига олиши керак», — деди президент.

Мирзиёев Конституцияга қатор ўзгартиришлар киритиш нияти борлигини инаугурация маросимида маълум қилганди. Асосий қонуннинг янги лойиҳаси 2022 йил охирида қабул қилиниши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ