Афғонистоннинг АҚШдаги дипломатик миссияси мулки ва ҳужжатлари Давлат департаментига топширилди

Вашингтондаги Афғонистон элчихонаси биноси. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва консулликлари ёпилиб, уларнинг мол-мулки, жумладан жиҳозлари ва ҳужжатлари АҚШ Давлат департаментига топширилди. Бу ҳақда 18 март куни TOLOnews телеканали хабар берди.

Афғонистоннинг АҚШдаги элчихонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Абдул Ҳади Нижрабийнинг айтишича, Афғонистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Ню-Йоркдаги консуллиги молиявий муаммолар туфайли ёпилган.

«Афғонистон элчихонаси ва консуллиги мулки АҚШ Давлат департаментига ўтказилиши билан дипломатик миссия архивидаги барча муҳим ҳужжатлар ҳам ушбу ташкилотга ўтказилди», — деди у.

Ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан Афғонистон ҳукумати ағдарилганидан сўнг ушбу давлатнинг Хитой, Покистон вв Туркманистондаги учта элчиси ўз лавозимини тарк этди, уларнинг ўрнига толиблар вакиллари келди. Афғонистоннинг Қўшма Штатлардаги дипломатик ваколатхонаси ёпилиши бошқа жойда юз бермаган илк ҳодиса бўлди.

«Афғонистонда афғон эркаклари ва аёллари (биргина толиблар эмас, балки турли этник-сиёсий гуруҳлар вакиллари) ўз ичига олган коалиция ҳукумати тузилса, у АҚШ томонидан тан олинади ва [Афғонистон] ўз дипломатларини юбориши мумкин бўлади», — дейди Нижраби.

Афғонистон элчихонаси ва консулликларининг ёпилиши билан АҚШда яшовчи кўплаб афғонлар юридик ҳужжатларини тартибга солишда қийналмоқда.

«Элчихонанинг ёпилиши муносабати билан қочқинлар паспорт ва электрон гувоҳнома ололмагани учун муаммоларга дуч келишмоқда. Бу АҚШда яшовчи афғон қочқинлари учун катта муаммодир», — дейди афғон қочқинларининг АҚШдаги вакили Ажмал Задран (Ajmal Zadran).

«Бошқа давлатдаги Афғонистон элчихонаси ва консулликларининг ёпилиши нафақат қочқинларга зарар етказади, балки ҳозирги ҳукуматга [Афғонистондаги толибларга] ҳам кучли зарба ҳисобланади», — дейди сиёсатшунос Жовид Сангдел (Javid Sangdel).

Афғонистон элчихонаси биринчи марта 1943 йилда Вашингтонда очилган. У 1983 йилдан 2002 йилгача ёпилган, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг қайта очилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ