14 март куни Россия ҳукумати томонидан киритилган дон ва шакар экспортига вақтинчалик тақиқ ўзбекистонликларга таъсир қилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
2021 йили Ўзбекистонда 6 миллион 656 минг тонна буғдой етиштирилган бўлса, шундан 2 миллион 533 минг тоннаси республика захираси сифатида «Ўздонмаҳсулот» компанияси корхоналарига жўнатилди, қолгани фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолди.
Бундан ташқари, ўтган йил якунига кўра, хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан 2,771 миллион тонна буғдой ва 357,7 минг тонна ун импорт қилинган. 1 миллион 270 минг гектар майдонга буғдой экилиб, жорий йилнинг июнь-июль ойларида 7 миллион 679 минг тонна ҳосил йиғиштириб олиш режалаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўпдир.
Аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжини қондириш учун 2022 йили ушбу маҳсулотдан 600 минг тонна ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Ўтган йили «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» корхоналари томонидан 595,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилди, бу 2020 йилга нисбатан 3 баробардан ортиқ.
Ангрен ва Хоразм заводлари ўтган йил ва жорий йилнинг январь-февраль ойларида товар биржаларида камида 30 минг тонна шакар сотган.
Ўзбекистон шакарни Бразилиядан импорт қилади. Ўтган йил охирига келиб бу мамлакатдан 23 минг тонна шакар (бир йил аввалгидан 344 минг тонна кам) ва 620 минг тонна (423 минг тонна кўп) шакар хом ашёси сотиб олинган, дея хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Эслатиб ўтамиз, «Газете.uz» да Давлат статистика қўмитаси бошқа маълумотларни тақдим этган: 2021 йили Ўзбекистон олти давлатдан 23,9 минг тонна шакар импорт қилган ва бунга 13,4 миллион доллар сарфлаган:
👉 Россиядан 2,93 миллион долларга 5,32 минг тонна,
👉 Жазоирдан — 2,48 миллион долларга 4,05 минг тонна,
👉 Озарбайжондан — 2,37 миллион долларга 4,61 минг тонна,
👉 Польшадан — 2,23 миллион долларга 3,67 минг тонна,
👉 Украинадан — 1,79 миллион долларга 3,38 минг тонна,
👉 Қозоғистондан — 1,5 минг тонна 820 минг долларга импорт қилинган.
Баҳор сўнггига қадар етказиб берувчилардан яна 180 минг тонна шакар хомашёси келади, июнь-октябрь ойларида яна 200 минг тоннани импорт қилиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон нафақат дон ва шакарни импорт қилади, балки уларни экспорт ҳам қилади. Жумладан, Тожикистон ва Қирғизистонга 26,8 минг тонна буғдой жўнатилди – мос равишда умумий ҳажмнинг 94 ва 6 фоизи. Афғонистонга 949,1 минг тонна ун ва 25 тонна шакар экспорт қилинди.
«Россия Федерацияси томонидан жорий этилган вақтинчалик чекловлар мамлакатдаги ушбу истеъмол товарлари ҳажмига таъсир қилмайди, — дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабарида. – Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатда буғдой, ун ва шакар маҳсулотларининг узлуксиз таъминоти, шунингдек ички бозорларда нархларнинг кескин ўзгаришига йўл қўймаслик чоралари кўрилган».