Ўзбекистонда алимент бўйича қарздорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади. Қарз тўлиқ тўланмагунча уларга автомобиль ҳайдаш, турмуш қуриш, гувоҳнома ва бошқа рухсатномалар олиш тақиқланади.
Президент Шавкат Мирзиёев Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун уч ой муддат берди. Бу «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда белгиланган.
Қонун лойиҳасини тайёрлашда ғаразли алиментчиларга нисбатан қуйидаги чоралар қўлланиши назарда тутилади:
«а) алимент тўлаш бўйича қарзлар бўлган тақдирда, қарзлар тўлиқ қайтарилгунга қадар:
қарздорнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш;
қарздорга лицензияланган ва рухсат берувчи хусусиятдаги давлат хизматларини вақтинча кўрсатмаслик;
б) алимент қарзининг мавжудлигига нисбатан никоҳга тўсқинлик қиладиган ҳолат сифатида қаралади», — дейилади ҳужжатда.
Президент қарорида 8 март арафасида Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича эълон қилинган чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан – хусусий корхона ходимларига ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш, Мажбурий ижро бюроси ҳузурида Алимент тўлаш жамғармасини ташкил этиш, фоизсиз таълим кредитлари бериш, магистратура талабаларига ўқиш учун тўловлар, докторантурада мақсадли «аёллар» квоталари, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, барча давлат органлари ва муассасаларида раҳбар аёллар улушини ошириш ва бошқалар.
10 мартга қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ҳоким ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашида раис ўринбосари аёллардан тайинланди. Улар бир пайтнинг ўзида Оила ва хотин қизлар бошқармасининг раҳбари ҳисобланади (Қорақалпоғистонда — Оила ва ҳотин қизлар давлат қўмитаси раҳбари).