Ўзбекистонда товар ва хизматлар экспорти 20 фоизга ошган

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

2022 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонда товар ва хизматлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ўсиб, 1,7 миллиард доллардан ошди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев тармоқлар ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Жумладан, қурилиш материаллари экспорти қарийб икки баробар, электротехника маҳсулотлари экспорти 1,5 баробар, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 1,3 баробар ошган.

Январь-февраль ойларида 687 миллион доллар хорижий инвестиция, шу жумладан, 615 миллион доллар тўғридан-тўғри сармоя ўзлаштирилган. Йил бошидан 506 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 337 миллион доллар бўлган қувватлар ишга туширилиб, 7 мингта янги иш ўрни яратилган.

Жорий йилнинг икки ойида инфляция даражаси 1,38 фоизни ташкил этгани, бу 2021 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (1,7 фоиз) пастлиги қайд этилган. Шавкат Мирзиёев мутасадди идоралар ва ҳудудлар раҳбарларига нархларнинг кескин ўзгаришига йўл қўймаслик, биринчи навбатда озиқ-овқат бозорларини зарур ҳажмда маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш орқали қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, президент мева-сабзавотчилик учун ажратилган 2 триллион ($183,4 млн) сўм давлат маблағларининг натижадорлигини ошириш, уларни ўзлаштиришни тезлаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ