Ўзбекистон ўз фуқароларини Молдовадан олиб чиқиш масаласини кўриб чиқди

ЎЗБЕКИСТОННИНГ КИЕВДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонлик дипломатлар Молдова Республикасида бўлиб, ушбу мамлакатдан ватандошларни эвакуация қилиш масаласини ишлаб чиқмоқдалар. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Қобулжонов маълум қилди.

Украинанинг Молдова Республикаси билан чегарадош жойларида яшовчи 200 га яқин фуқаролар бошпана излаб Молдова ҳудудига ўтган. Молдова томони инсонпарварлик нуқтайи назаридан, фуқаролигидан қатъи назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан Молдовада бўлиб турган ватандошлар масалаларини мувофиқлаштириш ва ҳал қилиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи шакллантирилди. Молдовада бўлиб турган ўзбекистонликларнинг кейинчалик ўз Ватанига эвакуация қилинишини ташкил этиш учун уларнинг рўйхати ва маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

«Ҳозирги пайтда Польша орқали эвакуация қилишнинг асосий устувор эканлигини инобатга олган ҳолда, фуқароларимизни Молдовадан қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, мазкур мамлакат ҳаво ҳудуди авиақатновлар учун ёпиқлигича қолмоқда», — дейди Қобулжонов.

Айни пайтда ўзбекистонликларни тўғридан-тўғри Украина ҳудудидан эвакуация қилиш давом этмоқда. 28 февралдан 8 мартга қадар 22 та рейс амалга оширилиб, улар билан 5037 нафар фуқаро ватанига қайтди. Навбатдаги рейс 9 мартга белгиланган.

Элчихона Карчова (Польша) назорат-ўтказиш пунктига келаётган ўзбекистонликлар сони камайганини қайд этди.

Бундан аввал, яъни 5 март куни дипломатик миссия Польша чегарасига кираверишда уч нафар ўзбекистонлик автоҳалокатга учрагани, улар Отабек Ҳакимов, Беҳзод Хусаинов ва Шерзод Солоҳиддинов экани тўғрисида хабар берган эди. Учаласи ҳам 2001 йилда туғилган. Отабек Ҳакимов воқеа жойида вафот этган, қолганлари Львов шаҳар касалхонасида.

«Ҳакимов Отабекнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган ҳолда, жабрланган ватандошларнинг барча қариндошлари ва яқинларини ишонтириб айтамизки, Элчихона уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жумладан, дори-дармонлар билан таъминлаш ва Украинанинг етакчи шифокорлари билан маслаҳатлашиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширади», — дейилади элчихона хабарида.

Дипломатик миссия ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаросининг жасадини имкон қадар тезроқ ватанига жўнатиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишига ишонтириб, Украина ҳудудидаги мавжуд вазият туфайли бу масалани ҳал қилиш мураккаб эканини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ