Осиё тараққиёт банки ТАПҲ лойиҳасидаги иштирокини тўхтатди

TOLOnews сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) газ қувури лойиҳасидаги иштирокини Афғонистонда радикал Толибон* ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат расман тан олинмагунча тўхтатди. Бу ҳақда Покистон энергетика вазирлигидаги манбага таянган ҳолда The International News хабар беради.

Қайд этилишича, покистонликлар ОТБ қарори борасида туркманистонлик ҳамкасбларини хабардор қилганлар.

Эслатиб ўтамиз, ОТБ аввалроқ ТАПҲ лойиҳасининг воситачиси ва мувофиқлаштирувчиси сифатида ишлаган эди. Банк лойиҳада иштирок этишдан бош тортгач, газ қувури қурилишини бошлаш номаълум муддатга қолдирилган.

ТАПҲ Туркманистон расмийлари учун стратегик муҳим лойиҳа ҳисобланади. Бу газ қувури Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонгача чўзилиши керак ( лойиҳа номи ундаги иштирокчи мамлакатлар номидаги биринчи ҳарфларидан тузилган). 2010 йили Ашхободда лойиҳада иштирок этувчи давлат раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган ва унинг якунида газ қувури бўйича доиравий битим ва ТАПҲни амалга ошириш бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди. 2015 йили газ қувури қурилишига тантанали равишда старт берилди. У Афғонистон чегарасидан 150 км узоқликдаги Марям вилоятидаги Туркман Галкиниш конидан Афғонистоннинг Ҳирот, Фараҳ, Ҳилманд ва Қандаҳор вилоятлари орқали Покистон ва Ҳиндистонга ўтиши керак. ТАПҲ қувури орқали газ етказиб беришнинг йиллик ҳажми 33 миллиард куб метргача миқдорда режалаштирилган.

2018 йил февраль ойида Афғонистон орқали қувур ётқизиш расман бошланганди. Мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли лойиҳани якунлаш бир неча бор кечиктирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Афғонистон томони туркман гази транзити учун 500 миллион доллар фойда, шунингдек 10 йил давомида ҳар йили 500 миллион куб метр газ олади. ТАПҲ лойиҳаси ишга тушиши билан 12 мингдан ортиқ афғон иш билан таъминланади.

Ўтган йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, Туркманистон расмийлари улар билан фаол алоқалар ўрнатишга киришган. Ашхобод ва «Толибон» ўртасидаги музокараларнинг муҳим жиҳатларидан бири — ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмини қуриш масаласи бўлди. Туркманистон дипломатлари ва турли даражадаги расмийлар толиблар томонидан тузилган ҳукумат раҳбарияти билан бир неча бор учрашиб, газ қувури қурилишини бошлаш бўйича келишиб олганлар. Сўнгги маълумотларга кўра, афғон участкасида газ қувурини ётқизиш ишлари март ойида бошланиши кутилган эди.

Шубҳасиз, ОТБ қароридан сўнг ТАПҲнинг Афғонистондаги қисмидаги ишлар кейинга сурилади. Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда ҳокимият толиблар томонидан қўлга киритилгач, ОТБ бу мамлакатдаги фаолиятини тўхтатди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ