Ўзбекистоннинг тўртта ҳудудида миллий табиат боғлари ташкил этилади

Омонқўтон. Meros.uz сайти фотосурати

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистоннинг тўрт ҳудудида бешта янги миллий табиат боғлари ташкил этилади.

Ўрмон фонди ерларида:

👉 Қорақалпоғистонда Оролқум боғи пайдо бўлади,

👉 Наманган вилоятида – «Поп»,

👉 Самарқанд вилоятида – «Омонқўтон»,

👉 Сурхондарё вилояти – «Юқори тўпаланг» ва «Бобатоғ» боғлари ташкил этилади.

Миллий табиат боғларининг таъсисчиси — Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳисобланади.

Қарорда миллий боғларнинг ер участкалари ҳамда иссиқхона, рекреация ва хўжалик мақсадларида фойдаланиш учун ажратилган ер участкалари белгиланган. Жумладан, Оролқум боғи майдони 1 миллион гектар, Поп – 10 минг гектар, Омонқўтон – 1,5 минг гектар, Юқори Тўпаланг – 27 минг 851 гектар, Боботоғ – 12 минг 64 гектарни ташкил этади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда иккита миллий табиат боғи – Зомин (Жиззах вилояти) ва Угом-Чотқол (Тошкент вилояти) мавжуд. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев февраль ойида Навоий вилоятида 1,2 миллион гектар майдонга эга «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғини ташкил этиш тўғрисида фармойиш берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ