Украинадан 4300 дан ортиқ ўзбекистонликлар олиб кетилди

Dunyo.info сайти фотосурати

28 февралдан 7 мартгача Украинадан Ўзбекистонга республиканинг 4359 нафар фуқароси олиб кетилди. Бу вақт ичида 19 та рейс ташкил этилди, дейди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Қобулжонов ўзининг Телеграм-каналида.

Ўтган дам олиш кунлари Польшанинг Катовице шаҳри аэропорти орқали Украинадан 674 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 109 нафар аёл, 57 нафар бола ва 12 нафар гўдак ўз ватанига қайтарилди. Яна бир рейс 7 мартга белгиланган.

Айни пайтда Польшада 350 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қолмоқда, улардан 80 нафари Украина-Польша давлат чегарасининг тўпланиш зонасида, 270 га яқини Катовице аэропортида жойлашган.

«Ўзбекистоннинг Украинадаги Элчихонаси ватандошлар билан доимий мулоқот олиб бормоқда. Дипломатлар Украинанинг турли нуқталарида, шу жумладан, жанг ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларда бўлиб, фуқароларимизни эвакуация қилиш ишларини амалга оширмоқдалар»,— дейилади хабарда.

Бундан олдин Қобулжонов Ўзбекистон фуқароларини Украинадаги жанговар зоналардан, жумладан, Харьков, Суми ва Херсон шаҳарларидан олиб чиқиш жанглар тўлиқ якунланганидан кейин ташкил этилишини айтган эди. Бунгача ватандошларга бошпаналарда қолиш тавсия қилинганди.

Бугун Украина ва Россия бир неча соатлик сукунат режимини эълон қилишга ва Киев, Мариупол, Харьков ва Сумидан гуманитар йўлакларни очишга келишиб олди. Агар режим урушаётганлар томонидан бузилмаса, бу шаҳарлардан одамларни эвакуация қилиш мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ