UzAuto Motors 3 мартдан бошлаб Chevrolet Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобиллари сотуви қайта тиклангани ва айрим моделларнинг нархлари ошиши ҳақида хабар берди.
Компанияда маҳсулот таннархининг ошиши хомашё таннархининг ўсиши, логистика харажатларининг ошиши ва бошқа омиллар билан изоҳланди, бунинг натижасида автомобиллар нархи моделига қараб 1,8-3,1 минг долларга ошган.
Autostrada.uzнинг ёзишича, айрим автомобиль моделлари нархи сезиларли даражада ошган. Масалан, Chevrolet Tahoe Premier автомобилининг нархи 795 миллион сўмдан (73,3 минг доллар) 947,5 миллион (87,3 минг доллар)гача ошди. Chevrolet Traverse Premier энди 647,6 миллион сўм (илгари 596 миллион), Chevrolet Tracker Turbo – 255,2 миллион сўм (илгари 232 миллион) сўмга тушади.
Компания 2022 йили 275 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш режалаштирилганини ва уларнинг 60 фоизи 2020 йил март ойида белгиланган нархларда маҳаллий истеъмолчилар томонидан харид қилинганини таъкидлади.
UzAuto Motors шунингдек, оммавий сегментдаги моделлар учун жисмоний шахсларга олдиндан тўлов улуши 85 фоиздан 50 фоизгача камайганини маълум қилди.
«Масалан, Chevrolet Cobalt A/T русумли автомобилни 125,6 миллион сўмга сотиб олаётганда олдиндан тўлов 106,7 миллион сўмни ташкил этарди. Янги шартларга кўра, олдиндан тўлов 62,8 миллион сўмгача камайтирилади», — дея изоҳ берди компания.
Энди шартномада автомобилни етказиб бериш кечиктирилган тақдирда харидорга компенсация тўланиши белгилаб қўйилади.
Автомобилларни харид қилишнинг янги шартлари 2022 йил 3 мартдан бошлаб тузилган шартномалар учун амал қилади.
Компания биринчи навбатда, аввал тузилган шартномалар бўйича автомобиллар уларни қайта сотиш учун эмас, балки шахсий фойдаланиш учун сотиб олган мижозларга берилишини огоҳлантирди.
«Спекулятив мақсадларда автомобилларни сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш ҳолатлари аниқланган тақдирда компания автомобилни етказиб бериш муддатини қўшимча 120 кунга чўзиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатини қисқартиради ва аҳоли талабини қондиради», — дейилади хабарда.
UzAuto Motors шунингдек, Евроосиёдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви (Россия Федерациясининг Украинадаги ҳарбий амалиёти назарда тутилмоқда) туфайли Россиядан бошқа ҳудудларга хом ашё ва материаллар (пўлат, полимерлар, катализаторлар) етказиб берилаётганини таъкидлади. Бу 73,2 миллион доллар (+29%) қўшимча харажатларга олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, компания «логистика йўналишларини Россия темир йўлларидан трансхитойга ўзгартириш эҳтимоли 115,2 миллион доллар (+45,5%) миқдоридаги қўшимча харажатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади ва бундай харажатларнинг олдини олиш,маҳаллий истеъмолчилар манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда компания фаолиятига геосиёсий омилларнинг таъсирини минималлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни қилишга ваъда берди
Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti учун аризалар 2021 йил декабрь ойида тўхтатилган эди. Компания бу қарорини олдиндан буюртма қилинган автомобиллар ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш истаги билан изоҳлади.
Жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 майгача автомобиль сотиб олишда навбатларни бартараф этишни талаб қилган эди. Шу билан бирга, у автомобиллар учун олдиндан тўлов миқдорини 50 фоизгача камайтириш бўйича топшириқ берди.